Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлов ғолиблари тақдирланди

13.09.2019

Коррупция – ҳар қандай давлатнинг тараққиётига катта хавф туғдирувчи иллатдир. Унга қарши кураш ҳар доим, ҳар жабҳада ва қатъият билан олиб борилиши лозим. Ушбу курашда коррупцияга қарши тарғибот алоҳида ўрин тутади. Зеро ҳар бир фуқаронинг онгида коррупцияга тоқатсизлик, юрагида коррупцияга нисбатан нафрат бўлишига эришиш лозим.

Ушбу заруратни англаган ҳолда Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси ҳамкорлигида “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови ташкил этилди.

Танловда қатнашиш учун 70 нафар иштирокчидан 400 га яқин материал тақдим этилиб, материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов низомида белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди ва баҳоланди.

Танлов йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Ўтган йили учта номинация бўйича эълон қилинган мегатанлов йўналишлари сони бу йил бештага етди, яъни энг яхши ҳажвий асар ва энг яхши тасвирий материал бўйича номинациялар қўшилди.

Ўтган йилги “энг яхши ижтимоий ролик” номинацияси бу йил “энг яхши ижтимоий ролик сценарийси” тарзида эълон қилинди. Чунки ролик олиш бир қадар мураккаб ва кўп ресурс талаб қиладиган жараён бўлгани сабабли, унда иштирок этувчиларнинг имкониятлари бир қадар чекланиб қолган эди.

Шунга кўра, бу йил мазкур танлов 5 та номинация, яъни “Энг яхши журналистик материал учун”, “Энг яхши блогпост учун”, “Энг яхши юмористик асар (карикатура, ҳажвия ва ҳоказо) учун”, “Энг яхши видеоролик сценарийси учун”, “Энг яхши флаер, буклет, баннер, плакат учун” йўналишларида ўтказилди. Танловдан кўзланган асосий мақсад коррупцияни фош этишда ўзларининг саъй-ҳаракатларини аямаётган, жамият аъзоларини огоҳликка чорлаётган ватандошларимизни рағбатлантиришдир.

Маълумки, бу иллат домига дучор бўлган мулозимларни жазога тортиш билан порахўрлик йўқолиб қолмайди. Шу боисдан ҳам бу хавфли иллатларнинг оқибатларини ёш авлод онгига сингдириб бориш, жамиятда коррупция ва порахўрликнинг батамом йўқолишига замин ҳозирлайди.

Мегатанловга тақдим этилган материаллардан ҳам кўриш мумкинки, жамиятда, айниқса ёшлар онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат тобора кенгроқ шаклланиб бораётир.

Энг қувонарлиси, ушбу зарарли, жирканч иллатга қарши ўсиб келаётган ёш авлодда ўзига хос фуқаролик позицияси, тоқатсизлик ва муросасизлик мавжуд.

2019 йил 13 сентябрь куни Адлия вазирлиги биносида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш бўйича тадбир ташкил этилди.

Номинациялар бўйича ғолиблар билан танишинг:

“Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Отабек Сафаров – Ҳуқуқий маълумотлар билан тўғри ишланган ва ўзига хос услубда ёзилган “Қаерда бўлса ҳам... Қанча бўлса ҳам... Кимдан бўлса ҳам” материали учун;

2-ўрин: Маруса Ҳосилова – Коррупциянинг сабаб ва оқибатларини очиб беришга қаратилган “Бешикдан то қабргача... ёки коррупция “пиллапоя”лари”, “Ҳеч қачон очилмайдиган жиноятлар ёхуд ёпиғлиқ қозонлар қачон очилади?” каби туркум материаллари учун;

3-ўрин: Ортиқбой Курамбаев – Коррупцияга қарши курашишни ёритишда янгича ёндашуви – “Йигит омон бўлса” эссеси учун.

“Энг яхши блогпост учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Тўлқин Эшбеков – Мавзуга ёндашишда узоқ йиллик тажрибага таянилгани ҳамда коррупция ҳолатларини бартараф этишда самарали таклифлар билан чиқилгани жиҳатдан “Қоч, коррупционер келяпти!” блогпости учун;

2-ўрин: Наргиза Юнусова – “Бефарқ бўлманг! Сиз қай бирини танлайсиз?”, “Коррупцияни тугатиш учун бизга нима тўсқинлик қилади?” блогпостлари орқали коррупция манзараларини кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли очиб берганлиги учун;

3-ўрин: Азизбек Вафоев – Коррупциянинг жамият равнақига, етук кадрлар шаклланишига салбий таъсири бўйича кузатувлар акс этган “Талаба ва ректор суҳбати” материали учун.

“Энг яхши юмористик асар (карикатура, ҳажвия ва ҳоказо) учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Жаҳонгир Исмоилов – Порахўрлик, фирибгарлик, таъмагирлик, қонунни менсимаслик каби иллатлар қаламга олинган ҳамда ўзига хос шакл ва услубда акс эттирилган ҳажвий ҳикоялар тўплами учун;

2-ўрин: Бобур Расулов – Коррупция оқибатлари таъсирчан ва тушунарли талқин қилинган туркум карикатуралари учун;

3-ўрин: Феруза Раҳмонқулова – Материалнинг тил ва услуб жиҳатдан ўқишлилиги билан “Мен пора олмайман!” ҳажвияси учун.

“Энг яхши видеоролик сценарийси учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Шокир Ҳолиқов – Ҳолатни ифодалашда бадиий юксак, таъсирчан ёндашилгани жиҳатдан “Коррупция бўлмаганида ҳаммаси бошқача бўларди!” сценарийси учун;

2-ўрин: Нурмуҳаммад Жумағулов – Келажак авлодни ёмон иллатдан ҳимоялашга, уларни асраб-авайлашга қаратилган “Кичкинага катта тарбия” туркум сценарийлари учун;

3-ўрин: Неъматжон Атамуратов – Воқеликлар қиёсан талқин этилган “Келажагингни коррупцияга алмаштирма!” сценарийси учун.

“Энг яхши флаер, буклет, баннер, плакат учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Жасурбек Тожибоев – Дизайн ва маълумотлар уйғунлиги жиҳатдан “Фарзандларингиз қувончини порага алмаштирманг!” флаер, буклет, баннер намуналари учун;

2-ўрин: Аслиддин Абдувоитов – Коррупцияга қарши биргаликда курашишни тарғиб қилувчи плакат (рассомлик иши) учун;

3-ўрин: Бекзод Усанов – “Биз коррупцияга қаршимиз!” флаер, буклет, баннер намуналари учун.

Тадбирда қатор вазирлик, идоралар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, танлов ғолиблари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Танловнинг ҳар бир номинацияси бўйича ғолиблар Samsung Galaxy S10 (1-ўрин), Notebook (2-ўрин), телевизор (3-ўрин) каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби танловларнинг юртимизда асосий мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳоли манфаатларини химоя қилишда муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этиб ўтишди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими