Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Суд экспертиза фаолиятида нима гап? (2019 йил 34-35 сон)

28.08.2019

ҲАДИЧА Сулаймонова номидаги Рес­публика Суд экспертизаси Маркази нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда нуфузли суд-экспертиза муассасаси ҳисоб­ланиб, бугунги кунда кенг тармоқли марказга айланди ва марказда 45 та экспертиза тури мавжуд бўлиб, 60 та мутахассисликлар бўйича суд экспертиза тадқиқотлари ўтказиб келинмоқда ҳамда марказда Марказий Осиёда биринчи бўлиб одам ДНКси суд-биологик экспертизасини ўтказиш бош­ланган.

2017 йилда қабул қилинган “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларни амалга ­ошириш доирасида барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимининг ажралмас бўғинларидан бири саналган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам зарурий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

2017 йилда қабул қилинган 206-сонли Ҳукуматимиз Қарори асосида деярли барча вилоятларда марказнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Шунингдек, экспертларни замон талаблари даражасида малакасини ошириш учун Ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда нафақат марказ ва бошқа экспертиза муассасалари экспертларининг ҳуқуқий билимлари, балки янги ташкил этиладиган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларининг ҳам малакасини ­ошириши ташкил этилади.

 Марказ лабораторияларини халқаро стандарт талабларига мувофиқ халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланиб, экспертиза амалиётига янги экспертиза турларини жорий қилиш ­ишлари жадал амалга ­оширилмоқда.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 17 январь куни қабул қилинган “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга ­оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Унга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига суд экспертизаларининг 44 та турини ўтказиш ҳуқуқи берилди, уларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ташкил қилиш ҳамда суд эксперти сертификатини олган шахс­ларнинг ягона реестрини ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтингини юритиш белгиланди.

Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси, моддий таъминоти тубдан яхшиланди. Моддий-техник базани модернизация қилиш ва замонавий лаборатория ускуналар билан жиҳозлаш учун 3 милллион 326 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида, суд экспертиза муассасаларида автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва компьютер дастурлари, электрон маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурда: суд экспертларининг автоматлаштирилган иш ўринларини ташкил этиш;

эксперт хулосаларини рўйхатга ­олиш ва буюртмачиларга юбориш, шунингдек, суд экспертларининг қўшимча материаллар тақдим ­этилишини сўраб киритган илтимосномаларини юбориш ва уларни тақдим қилиш муддатларини қисқартириш мақсадида идоралараро элект­рон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилиш;

кўрилаётган иш натижасидан манфаатдор бўлган томонлардан бирининг ёки бошқа шахсларнинг фойдасига хулоса олиш учун суд экспертига таъсир кўрсатиш ҳолатлари, шунингдек, суд эксперти томонидан коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида тадқиқот объектларини шифрлаш (кодлаш) тизимини тўлиқ жорий ­этиш;

суд экспертизаларини ўтказиш кетма-кетлиги, шунингдек, уларнинг муддатини тўхтатиш ва узайтиришни назорат қилиш имкониятини яратиш белгиланган.

Мазкур электрон тизим ишга тушиши билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва суд экспертиза муассасаларининг ўзаро ҳужжат айланишида ва унинг хавфсизлигини таъминлашда ижобий ишлар рўй беради.

Марказ томонидан суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2018 йилда 10 га яқин давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинган бўлса, жорий йилда эса Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо барча давлатлар ва 15 дан ортиқ бошқа хорижий давлатлар суд экспертиза муассасалари ҳамда Бутунжаҳон суд экспертлари ассоциацияси (IAFS) каби халқаро ташкилотлар билан меморандум асосида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

 

Саъдуллахўжа САИДХЎЖАЕВ,

Республика Суд экспертизаси маркази Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи