Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Қурол тўғрисида”ги қонун олти ойдан кейин кучга киради

16.08.2019

Бугун Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан Тошкент молия институтида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирдан мақсад “Қурол тўғрисида”ги Қонунинг мазмун моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка самарали етказишдир. Тадбир давомида қуролнинг турлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига кимлар эга эканлиги,  қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш учун қайси органларидан рухсатнома олиш мумкинлиги ҳамда фуқаровий қуролни олишга кимларга рухсатнома берилмаслиги тўғрисида тушунтирилди.

Хўш  Қурол тўғрисида Қонунинг қабул қилинишидан мақсад  аслида нима нима эди?

Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкни ҳимоя қилишга ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Қурол – тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар.

Қўрол қўйидаги турлари мавжуд:

Фуқаровий қурол

Ов ва спорт билан шуғулланиш учун, шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол.

Хизмат қуроли

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол.

Жанговар қурол

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги давлат хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол.

18 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий ов қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуроли Миллий гвардия органларининг 3 ойлик рухсатномалари асосида олинади. Мазкур рухсатнома қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, рўйхатдан ўтказилгунига қадар уларни ташиш ва сақлаш  ҳуқуқини беради. Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

  • ариза;
  • шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);
  • қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;
  • қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса;
  • йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун);
  • овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ов ўқотар қуролини, шунингдек, оғиз қисмидаги қувват 65 жоулдан юқори ва калибри 9 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун);
  • отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун).

Қурол олинганидан сўнг 10 кунда Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилади ҳамда қуролни сақлаш ва олиб юриш учун 3 йиллик рухсатнома берилади.

— Қурол ишлатишга рухсат олган фуқаро ўзига тегишли қуролни аҳоли гавжум жойларга, тадбирларга олиб киролмайди ва бу қуролни ўзидан бошқа шахс бериши мумкин эмас. Агарда ўша фуқаро бирон-бир хизмат билан чет давлатга самолётда учиши керак бўлса қуролни махсус ғилофига солган ҳолда ўзи билан олиб кетиши мумкин. Мабода қуролини йўқотиб қўйса ўзи яшаб турган ИИБга бориб хабар беради ва бу қурол йўқолган қуроллар рўйхатига олинади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Тошкент шаҳар назорат рухсат бериш фаолияти бўлими бошлиғи лейтенант Қаҳрамон БЕГИМҚУЛОВ.     

Тақиқловчи ҳолатлар: Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ФУҚАРОВИЙ ВА ХИЗМАТ ҚУРОЛИНИ ҚЎЛЛАШ ТАҚИҚЛАНАДИ.

Латофат ЮСУБОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири