Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

25 миллион ёхуд 150 миллиард АҚШ доллари: бу рақамлар нимани англатишини биласизми? (2019 йил, 31 сон)

12.08.2019

СТАТИСТИК маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда замонавий қулликнинг қурбони бўлган кишилар 25 миллионни ташкил этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хабарига кўра, одам савдосидан келадиган йиллик даромад тахминан 150 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Албатта, бу ачинарли ҳолат. Шу боис бугунги кунда мамлакатимизда одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат билдирилиб, унинг олдини олиш, мазкур жиноят қурбони бўлган шахсларга ижтимоий кўмаклашиш доимий равишда амалга оширилмоқда.

Хусусан, мазкур соҳада “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Шунингдек, мазкур жиноятга нисбатан жазони назарда тутувчи норма Жиноят кодексининг 135-моддасида ўз аксини топган.

Шу ўринда айтиш лозимки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кўрсаткичининг пасайишига аҳолини мазкур жиноятларнинг хавфи ҳақида хабардор қилиш орқали эришиш самарали усул эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Бош прокуратура маълумотига кўра, республиканинг 29 та чегара постида чет элга чиқаётган фуқаролар билан маърифий суҳбатлар ўтказилиб, мажбурий меҳнат ва бошқа қуллик таҳдидлари тўғрисида маълумот берувчи рисолалар тарқатилмоқда.

Ҳозирда республикамизда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, уларга кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш чораларини амалга оширмоқда. Жумладан, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, яқинлари билан мулоқот ўрнатишида кўмаклашиш, қариндошларига ва васийларига одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот бериш каби масалаларда кўмаклашмоқда.

Мазкур соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз 2019 йилнинг 30 июлида “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармон билан Одам савдосига қарши курашиш бў­йича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди. Миллий комиссия Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялардан иборат.

Давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш Миллий комиссиянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди. Миллий маърузачи одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги вазият ҳақида Президентга ҳар йили ахборот тақдим этади.

Мазкур ўзгаришлар республикамизда одам савдосига ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш жараёнига ўзининг ижобий таъсирини ўтказиши, шубҳасиз.

 

Нозимбек ЮЛДОШЕВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими