Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ғирромликнинг олди олинди (2019 йил, 31 сон)

10.08.2019

ҲАЁТДА ҳеч қачон текис ва осон йўл йўқ. Инсон борки, у ёки бу қийинчиликларга дуч келиши аниқ. Айниқса, ҳақ-ҳуқуқи бузилганда, қонунбузилишлар жонига текканда, кўпчилик адлия идораларига мурожаат қилиб, муаммоларига ­ечим топишда кўмак сўрайди.

Хатирчи туман Деҳқонобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Қамбарова ҳам 2019 йил 7 май куни туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, имтиёзли кредит асосида қорамол ололмаётганлигини баён қилиб, ушбу масалада ёрдам беришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 8 июндаги 20/1-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандида микрокредитлар 6 ойга имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан туман адлия бўлимининг қонуний аралашуви билан фуқаро М.Қамбаровага “Ҳар бир ­оила — тадбиркор” дастури доирасида тўрт бош чорва моллари олиб берилиши таъминланди.

 Худди шунингдек, Хатирчи туман “Боғчакалон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ф.Хушмуродов туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, 2018 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан териб олишда отряд усулида пахта йиғим-терими ташкил этилганлиги, 28-сонли шартнома ­асосида Хатирчи туман Фермер деҳқон хўжалиги, томорқа ер эгалари Кенгаши билан шартнома тузилганлиги, мазкур шартномага асосан терилган пахта 80 тоннадан ошганда, ҳар бир тонна учун 50 000 минг сўмдан қўшимча равишда рағбатлантириш белгилаб қўйилган бўлса-да, рағбатлантириш суммалари Кенгаш томонидан тўлаб берилмаганлигини баён қилган эди.

Мазкур мурожаат юзасидан туман адлия бўлими томонидан фуқаро Ф.Хушмуродовнинг манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво ариза киритилиб, суднинг 2019 йил 13 майдаги ҳал қилув қарорига асосан Ф.Хушмуродов фойдасига кўрсатилган хизмат учун 9 450 000 сўм ундириб берилиши таъминланиб, ғирромликнинг олди олинди.

 

Маҳмуд САТАЕВ,

Хатирчи туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси