Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Меҳнат дафтарчасида бору иш стажида йўқ (2019 йил, 31 сон)

09.08.2019

КАТТАҚЎРҒОН шаҳар адлия бўлимига фуқаро Орип Қодиров мурожаат қилди. У ишлаган бир йиллик даври пенсия учун стажга ўтмай қолганлиги сабабли бузилган ҳуқуқини тиклашга ­амалий ёрдам беришни сўради.

Ўрганиш жараёнида фуқарога Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан меҳнат стажи 39 йил 2 ойни ташкил ­этганлиги асос қилиниб, 2010-2014 йиллардаги 5 йиллик ўртача ойлик иш ҳақи 1.007.643 сўмдан олиниб, пенсия тайинланганлиги аниқланди.

Шунингдек, О.Қодировга пенсия тайинлашда Самарқанд шаҳар идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб архивининг 2015 йил 23 февралдаги 22-к-сонли архив маълумотномасида 1977 йил иш ҳақи китобларида унинг фамилияси қайд этилмаганлиги сабабли пенсия тайинлашда ушбу давр иш стажига олинмаган.

Ҳақиқатан ҳам, 1977 йил иш ҳақи китобларида О.Қодиров қайд этилмаган. Лекин меҳнат дафтарчасида у 1976 йил 16 июлда Самарқанд локомотив депосига тепловоз машинисти ёрдамчиси лавозимига қабул қилиниб, 1979 йил 1 октябрда бошқа ишга ўтганлиги сабабли бўшатилганлиги қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги қарорига асосан меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.

Бироқ архив маълумотномасида О.Қодировга 1977 йилда иш ҳақи ­ёзилмаганлиги асос қилиниб, бу давр иш стажига қўшилмаган ва натижада унинг жами иш стажи 39 йил 2 ойни ташкил қилган. Шу сабабли Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармасига тақдимнома киритилиб, унга тайинланган пенсия миқдорини қайта кўриб чиқиб, қонунга мувофиқлаштириш сўралди. Аммо тақдимномага жавобан фуқарога пенсия тайинланганлиги тўғри асос қилиниб, қайтадан пенсия тайинланмади. Шундан сўнг судга мурожаат қилинди.

Каттақўрғон туман маъмурий судининг 2019 йил 25 июндаги ҳал қилув қарори билан адлия бўлимининг аризаси қаноатлантирилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими зиммасига О.Қодировнинг 1977 йилда Самарқанд локомотив депосида ишлаган даврини пенсия тайинлашда меҳнат дафтарчаси бўйича умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилди ва фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

 

Алишер МАМАТОВ,

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи