Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Самосуд (2019 йил, 31 сон)

07.08.2019

Омманинг жазоси адолатлими?

ЎҒРИ, хиёнаткор ёки жамият учун хавфли жиноятчини аниқлаш ва унга жазо белгилаш қонун билан амалга оширилади ва айнан шунинг учун ҳам ҳар бир давлатда тегишли нормалар вужудга келган. Лекин айбдорни (у ҳали гумонланувчи бўлиши ҳам мумкин) қонун ҳукмига топширмай, ўзбошимчалик билан жазолаш амали ҳам бор. Айниқса, бугун ижтимоий тармоқларда “самосуд”нинг турлича кўринишлари акс этган видеолар кенг тарқалмоқда. Аслини олганда тарихда ҳам гуноҳкорнинг омма тарафидан калтакланиши, тошбўрон қилиниши, сазойи этилиши каби ҳолатлар мавжуд бўлган. Фарқли томони шундаки, у пайтда айби халқ учун очиқ-ойдин бўлган, кенг омма орасида жинояти ошкор бўлган одамларга нисбатан бундай йўл тутилган. Бугун эса вазият бошқача. Самосуд қилинаётган одамнинг айбдор ёки айбдор эмаслигини билиб-билмаган минглаб нигоҳлар видео орқали уни кузатмоқда. Жиноятга ёки хиёнатга бевосита гувоҳ бўлмаган “қизиқувчи томошабинлар” томонидан жараён тасвирга олинади ва ижтимоий тармоқ саҳифаларига жойлаштирилади. Бу дегани жазоланаётган одам айбдорми йўқми бир зумда бутун оламга шармисор бўлиши мумкин. Агар у айбдор бўлган тақдирда ҳам бу мумкинми? Жазо белгилашда ўтмиш даврларимиздагига нисбатан анча пухта қонуний механизмга эгамиз. Нега энди ўзбошимчалик билан одамларни жазолашимиз керак? Замонавий илғор жамият учун бу хосми? Самосуд иштирокчиларига қонунда қандай жавобгарлик белгиланган? Бу борадаги саволларга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъ­ул ходимлари жавоб беришди.

 

“Ўзича судлаш” нега хавфли?

Аъзам МАДАМИНОВ,

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими:

— “Ўзича судлаш” – бу ҳуқуқбузарлик содир этган ёки ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинган шахс ҳақида тегишли давлат органига хабар қилмасдан, уни ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда жазолашдир. “Ўзича судлаш”, деган иллатнинг яққол мисоли сифатида, яқинда, Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида бировнинг автомобилини очаётган шахсларни, Самарқанд вилоятида фермер хўжалиги мол-мулкини ўғирлашда гумон қилинган шахсларни, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида беморнинг ўлимида гумон қилинган шифокорларнинг ўзбошимчалик билан жазоланганини кўрсатиш мумкин. Ўзича судлаш жамият учун катта хавф туғдирадиган ҳолат. Нимаси билан? Асосий хавфларни санаб ўтамиз:

  • биринчидан, “ўзича судлаш” оқибатида жазоланган шахс аслида айбсиз бўлиши ёки айбдор-у, лекин жазо адолатли бўлмаслиги, яъни арзимаган қилмиш учун жуда жиддий жазо бериб юборилиши мумкин. Чунки ўзича судлаш кўпинча тўсатдан аниқланган ҳолатлар бўйича ва ҳолат содир бўлган жойнинг ўзида, кўпчиликнинг ҳис-ҳаяжонини жиловлаш имкони мавжуд бўлмаган шароитларда содир этилади. “Ўзича судлаш” пайтида жазолаётган шахслар жазо адолатли бўлиши кераклигини ўйлаб ўтирмайди, одатда кучи етганича жазолаб юбораверади;
  • иккинчидан, “ўзича судлаш”ни амалга ошираётганларнинг ўзларини соғлиги ва ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. ­Агар ушланган шахс ростдан ҳам жинояти бўлса ва ўзи билан пичоқ ёки бирор совуқ қурол олган бўлса, жазоламоқчи бўлганларнинг соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин;
  • учинчидан, ўзича судлаш бу шунчаки тартибсизлик ва маданиятсизлик бўлиб, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлатда Ҳукумат бундай ҳолатларга қарши кескин курашади. Чунки ҳар қандай тартибсизлик мамлакатни ривожланишига тўсқинлик қилади, обрўсига салбий таъсир кўрсатади, ва вақтида тўхтатилмаса хаос, яъни бошбошдоқликка ­олиб келиши ҳеч гап эмас.

 

Қонун “ўзича судлаш”ни тақиқлайди

Конституциямизнинг 26-моддасида жи­ноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни, тегишли суднинг қарорисиз бировни айбдор ҳисоблаш ҳам, жазолаш ҳам мумкин эмас. Бундан ташқари, “ўзича судлаш”, яъни қонун тили билан айтганда, “ўзбошимчалик” Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси ва Жиноят кодексининг 229-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда содир этилса, энг кам иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда жарима билан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шунингдек, “ўзича судлаш” кўпинча жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади ва Жиноят кодексининг 277-моддасига мувофиқ “безорилик”, деб баҳоланиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо билан жазоланади. Айбдорни аниқлаш ва жазолашни исталган одам амалга ­оширишга ҳақли эмас.

 

Ҳеч ким ноқонуний ҳаракати учун бировни жазолашга ҳақли эмас

Ҳозир “ўзича судлаш” ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Фақатгина тиббиёт ходимларига нисбатан қилинган бундай ҳаракатларни ўзини оладиган бўлсак, биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида 50 дан ортиқ тиббиёт ходимларига бемор ва ­унинг қариндошлари томонидан ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган. Балки, ­“ўзича судлаш”га сабаб бўлган воқеа­ларда жабрланганларнинг ҳам айблари бордир. Яъни, ҳақиқатан ҳам ўғирлик ­ёки унга суииқасд қилингандир, тиббиёт ходимлари билан содир бўлган воқеаларда эса сифатсиз тиббий хизмат кўрсатилгандир. Лекин шуниси аниқки, нима бўлганда ҳам айбдорларни аниқлаш ва жазолашни исталган одам амалга ошириб кетаверишга ҳақли эмас. Бунинг учун тегишли давлат органлари бор. Бирор шахсни ноқонуний ҳаракати учун жазоламоқчи бўлган одам ички ишлар, миллий гвардия, прокуратура ва бошқа давлат органларига мурожаат қилиши керак. Шу ўринда таъкидлаб ўтамиз, Жиноят кодексининг 39-моддасига мувофиқ, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят, деб топилмайди. Бунда махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эгадирлар. Лекин ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чегарасидан ўтиб, уни ўзича “ўзича судлаш”ни амалга оширганларнинг ўзлари ҳам судланишлари аниқ. Фақат улар қонуний тартибда судланадилар ва жазоланадилар!

Бизга маълум бўлишича, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти “ўзича судлаш”дан келиб чиқадиган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилаяпти. Шу юзасидан ва бошқа саволлар билан Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими Абдухалил Турсуновга юзландик:

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси ва Жиноят кодексининг 229-моддасида фуқаролар томонидан содир этиладиган “ўзбошимчалик”ка нисбатан белгиланадиган жавобгарлик келтирилган. Бироқ ўзбошимчалик умумий тушунча, ­унинг талқини ҳар хил бўлиши мумкин. Қонунчилигимизда айнан самосуд ва у билан боғлиқ жавобгарлик белгиланганми? 

— Қонунчилигимизда айнан самосуд ва у билан боғлиқ жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси ва Жиноят кодексининг 229-моддасида назарда тутилган жазолардан ташқари, ўзича судлаш оқибатларидан келиб чиқиб, жазо янада оғирлашиши мумкин. Масалан, ўзича судлаш оқибатида кимдир ўлдириб қўйилса, унда қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш (жазоси — 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишгача), тан жароҳати етказилса қасддан баданга шикаст етказиш (жазоси — 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача), агар ўзича судлаш хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга нисбатан амалга оширилса, унда ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш (жазоси — 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача), деб баҳоланиши ва айбдор шахслар ана шу жиноятлар учун белгиланган жазога тортилиши мумкин.

— Нега одамлар орасида ўзича жазолаш ҳаракатлари кўпайяпти? Минг афсуски, фуқароларимиз онгида шундай тасаввур бор: қайсидир ҳуқуқбузарлик ёки жиноят учун жазо берилади, аммо ҳеч қанча вақт ўтмай жиноятчи ҳеч нарса кўрмагандай қайтиб келади, уларнинг наздида қонун билан бериладиган жазо кучсизроқдек. Шу сабаб ўзлари халқ орасида шармисор қилиб айбдорни жазоламоқчи бўлишади, бу улар учун таъсирлироқ усул гўё. Сизнинг-ча, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғотиш учун нима қилиш керак?

— Аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий исло­ҳот­лар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун- моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш лозим, деб ўйлайман. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини тарғиб қилиш керак. Шунингдек, бу борада ҳуқуқий-маърифий тадбирлар, оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш, одамларга ҳуқуқий ахборотларни етказиш яхши самара беради.

— Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти “ўзича судлаш”дан келиб чиқадиган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, бундай ҳуқуқ­бузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш борасида қандай таклифлар тайёрламоқда? Бу ҳақда батафсилроқ гапирсангиз.

— Институтимиз ҳозирда “ўзича судлаш”дан келиб чиқадиган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилмоқда. Хориж тажрибасини ўрганиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришларни киритиш ҳақидаги таклифлар устида иш олиб бораяпмиз:

— олдиндан тил бириктирган бир гуруҳ шахслар томонидан ўзбошимчалик билан суд қилганлик учун жавобгарлик;

— оғир оқибатларга олиб келган ўзбошимчалик билан суд қилганлик учун жавобгарлик;

— қонунга хилоф жамоат бирлашмасининг умумий мақсадларига эришиш йўлида ушбу жамоат бирлашмасининг бирон аъзоси томонидан ўзбошимчалик билан суд қилганлик учун жавобгарлик.

Агар мазкур бандлар бўйича ҳам кодексларга ўзгартириш киритилса, “самосуд” билан боғлиқ жиноятларга жавобгарлик белгилашда мустаҳкам қонунчилик тизими пайдо бўлади.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадҳия АВАЗОВА тайёрлади.