Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририга қанчалик зарурат бор? (2019 йил, 28 сон)

16.07.2019

Хидирали СОДИҚОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими:

— Қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси портали — regulation.gov.uz сайтида “Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Долзарблиги нимада?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ­олиб борилаётган ислоҳотлар барча жаб­ҳаларда, шу жумладан, давлат бошқаруви асосларини, уларнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш, шунинг­дек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги нуқтаи назаридан янгидан кўриб чиқишни талаб этмоқда.

Шуннинг учун, Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини янада аниқлаштириб белгилаб қўйиш қуйидаги асосларга кўра долзарбдир:

  • амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг нормалари Ҳукумат фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган;
  • бугунги кунда 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларида Вазирлар Маҳкамасининг мингдан ортиқ ваколатлари белгиланган бўлиб, ушбу ваколатларни самарали ­амалга оширишда бир қанча мураккабликларни келтириб чиқармоқда;
  • Ҳукуматнинг инвестиция, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, ташқи иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш, ташқи сиёсий фаолият, ахборот технологиялари, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ваколатлари аниқ белгиланмаган;
  • Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ­ўзига бириктирилган аниқ соҳа ва тармоқлар учун жавобгарлиги ҳамда уларни баҳолаш мезонлари тартибга солинмаган;
  • Ҳукуматнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмлари мустаҳкамланмаган.

Кўришимиз мумкинки, ушбу қонун ҳужжатини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга.

Мазкур қонун ҳужжатининг лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатларнинг ижро ҳокимияти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилашдаги самарали тажрибаси инобатга олинганлигини ҳам алоҳида эътироф этишимиз лозим. Жумладан, Франция, Литва, Латвия, ­Эстония, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Грузия, Арманистон ва Молдова давлатларининг тажрибаси ўрганилган бўлиб, миллий давлатчилик тажрибамизга уйғунлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш бў­йича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

 

Қандай афзалликлар кузатилади?

Мазкур қонун ҳужжатини янги таҳрирда қабул қилиш орқали қуйидаги самарали натижаларга эришилади:

  • Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги, самарали ­усуллари ва замонавий механизмлари жорий этилади;
  • Ҳукумат аъзоларининг давлат сиёсати амалга оширилиши ва бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришиш ­учун шахсий масъулияти оширилади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ ва соҳалардаги ваколатлари аниқ белгилаб берилган ҳолда, унинг ушбу соҳаларни ривожлантириш бўйича жавобгарлиги кучайтирилади;
  • ушбу муносабатларни тартибга солувчи турли даражадаги қонун ҳужжатлари тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунда мужассамлашади;
  • соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.
  • Шу билан бирга айтиб ўтишимиз мумкинки, мазкур ҳужжатда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда сиёсий партиялар билан ­ўзаро муносабатлари, ҳар бир соҳа бўйича ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкиллаштириш тартиби белгиланган бўлиб, қонуннинг янги таҳрири тасдиқланса Ҳукумат фаолиятини тартибга солувчи 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит ҳолга келтирилиши таъминланади.

Бундан ташқари, қонун ҳужжати Конс­титуция ва қонунларнинг устунлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ва ҳамкорлиги, очиқлик ва шаффофлик каби тамойиллар билан тўлдирилмоқдаки, бу жараён Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг жамият ва фуқаролар учун очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, бугунги кунда ижро этувчи ҳокимият тизимида кузатилаётган бир қатор муаммо ва камчиликларни ижобий томонга ўзгартириш, унинг фаолиятини ташкил ­этиш билан боғлиқ мураккаб механизмларни бартараф этишга хизмат қилади.

 

Ҳукуматнинг ваколатлари янада кенгаяди

Халилжон ХАЛИЛОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими:

— Ушбу қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи ҳокимият сифатида давлат бошқарувидаги фаолият йўналишлари янада аниқлаштирилмоқда. Шу билан бирга, Бош вазир ўринбосарлари билан биргаликда Бош вазир маслаҳатчилари ҳуқуқий институти жорий қилинмоқда.

Жумладан, Бош вазир маслаҳатчилари:

  • ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Бош вазирга таклифларнинг пухта ишлаб чиқилишини, экспертизадан ўтказилишини ва тайёрланишини таъминлайди, шунингдек, ушбу масалалар учун шахсан жавобгар ҳисобланади;
  • қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг сифатли ва ўз вақтида ­бажарилиши чораларини кўради;
  • ўз ваколатлари доирасида вазирлик­лар, давлат қўмиталари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини умумий мувофиқлаштиради;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Шунингдек, амалдаги Қонунда Бош вазир фақат ҳукуматлараро шартномалар ва битимларни имзолаш ваколатига эга эканлиги айтилган бўлса, Қонуннинг янги таҳририга кўра Бош Вазирнинг Ҳуrумат номидан халқаро шартномаларни ҳам имзолаш ваколати бўлади. Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, ижро этувчи ҳокимият ташқи алоқаларни ўрнатишда ва фаол ташқи давлат сиёсатини олиб боришда ўз ўрнига эга бўлиши лозим, бу эса давлатнинг комплекс ривожланишига, жумладан, ижро этувчи ҳокимият механизмининг самарадорлигига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Эътиборга молик жиҳат шундаки, янги қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлар доираси аниқлаштирилган шаклда келтирилмоқда. Бу эса Вазирлар Маҳкамаси таркиби аъзоларининг ваколат ва мажбуриятларини, шунингдек, давлат сиёсатини олиб бориш жараёнида уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг:

  • иқтисодиёт соҳасидаги;
  • бюджет, молия, кредит ва пул сиёсатини амалга ошириш соҳасидаги;
  • ижтимоий соҳадаги;
  • маданий-гуманитар соҳадаги;
  • ҳудудларни ривожлантириш соҳасидаги;
  • экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш соҳасидаги;
  • ташқи сиёсатни амалга ошириш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги;
  • инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги;
  • ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги;
  • жамоат тартибини сақлаш, давлат хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари ва фаолият доираси аниқ белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Aдминистрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари ­алоҳида боб шаклида келтирилган бўлиб, Ҳукуматнинг бошқа давлат бошқарув органлари билан муносабатларининг тартибга солинганлиги давлат сиёсатини шакл­лантириш ва уни олиб бориш жараёнининг осонлашишига олиб келади.

 

Ўз мухбиримиз