Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Филиалга қабул қилинган талабалар фақат давлат гранти асосида ўқийди (2019 йил, 26 сон)

02.07.2019

АЙНИ кунларда Тошкент давлат ­юридик университети ва унинг ихтисос­лаштирилган филиалига қабул давом этаяпти. Газетамизнинг аввалги сонларида ихтисослаштирилган филиал ҳақида, қабул жараёни, талабгорларга қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил маълумот берган ­эдик. Бугун Тошкент давлат юридик ­университетининг ихтисослаштирилган филиалида кимлар ўқиши мумкинлиги, бу ерда қандай кадрлар тайёрланиши, битирувчилар учун афзал жиҳатлар ҳақида яна бир карра тўхталмоқчимиз. 25 июнь куни Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида филиал ҳақида асосий маълумотлар берилди:

  • • Бу йил ушбу филиал 255 нафар талаба қабул қилади, ҳаммаси давлат гранти асосида.
  • • Талабалар ётоқхона, стипендия, битиргач, иш ва унвон билан таъминланади.
  • • Ихтисослаштирилган филиалга фақат Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турувчи, 18-25 ёшдаги, бўйи 165 см (аёллар 160 см)дан паст бўлмаган, соғлом, судланмаган фуқаролар қабул қилинади.
  • • Битирувчиларга олий юридик маълумотга эгалиги ҳақида диплом, лейтенант унвони берилиб, иш ўрни билан таъминланади.
  • • Ихтисослаштирилган филиал Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаси учун кадрлар тайёрлайди.

Ўқув даргоҳини битирганлар 5 йил Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида ишлаб бериши шарт.

Ихтисослаштирилган филиалда про­писка, ёш, жисмоний тайёргарлик бўйича алоҳида талаблар мавжуд. Давлат гранти асосида 3 йил ўқиб, ­олий маълумотли бўлиш билан бирга тайин иш жойи ва унвон эгасига айланиш эса ушбу филиалнинг битирувчиларга берадиган энг катта афзаллигидир.

Энди посбонлар саводли, юридик билимга эга, чет тилларини биладиган, юқори савияли ва профессионал хусусиятларга эга бўлади.

 

Ўз мухбиримиз