Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Фара”ларни ёқиб юриш бўйича талаб икки йилга узайтирилди

07.06.2019

Қонунчиликдаги янгиликлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 292-сон қарори билан куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситаларига яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини кундузи ёқиб ҳаракатланиши бўйича талаб қўйилган эди. Лекин қарор қабул қилинганига бир ойча ҳам вақт ўтмасдан кенг жамоатчилик томонидан катта эътирозлар билдирила бошланди. Ижтимоий тармоқларда айнан кундузи чироқ ёқиб юрганлиги учун бир неча автомобиллар ёниб кетганлиги тўғрисидаги видео ҳамда ёзма материаллар кўпайди. Гарчанд текширувлар натижасида автомобилларнинг ёниб кетиши фақат фараларни ёқиб юриш билан боғлиқ эмаслиги тасдиқланган бўлса-да, оддий фуқаролар учун ушбу қарорда белгиланган норма ўринсиздек туюлаверди. Ички ишлар вазирлиги эса бу қоида аввало фуқаролар хавфсизлиги ва кўплаб нохуш йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадидагина жорий қилинганлигини таъкидламоқда.

Аммо автотранспорт эгаларининг эътирозларига ва бир нечта депутатларнинг ташаббус билан чиқишига ўринли сабаблар бор эди. Белгиланган нормадаги асосий камчиликлар мана булар: ҳеч қанча муддат берилмай чироқларни ёқмай юрган автомобиль эгаларига жавобгарлик белгиланди, аввало, автомобиль ишлаб чиқарувчиларга бу борада талаб қўйилмади, юртимизда кўплаб автотранспорт воситалари эски эканлиги ҳамда автоматик тарзда ёниб турувчи фаралар билан жиҳозланмаганлиги инобатга олинмади.  

Мазкур тартиб жорий этилгандан сўнг ўтган давр  давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу қоидалар таҳлил қилинди ҳамда тегишли лойиҳа май ойининг бошида Ҳукуматга киритилди.

Шундан кейин яқинда 4 июнь куни Ҳукуматнинг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 460-сонли қарори қабул қилинди. Бугун Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ушбу қарорга киритилган энг муҳим ўзгаришларга ойдинлик киритилди.

Ҳукуматнинг янги қарорига асосан энди автомобиллар 2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб юриши шарт эмас. Фақат бир қанча автомашиналар бундан мустасно. Яъни,  қуйидаги ҳолларда машиналар яқинни ёритувчи чироғини ёқиб юришга мажбур:

• транспорт воситалари ташкилий жамланма (колонна) сафида ҳаракатланаётганда;

• йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;

• болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

• хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

• механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

• мотоцикл ва мопедларда.

2021 йил 1 январга қадар кундузи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги тўғрисидаги талаб фақатгина автоматик ёниб турувчи кундузги чироқлари бор машиналарга нисбатан татбиқ этилади.

Қарорга мувофиқ, эндиликда “фаралар” бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади. Бу дегани, 2020 йил 1 январдан бошлаб ички бозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сутканинг ёруғ вақтида автоматик ёнадиган чироқлар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.

Қарорда белгиланишича, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ўзаро ҳамкорликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига  куннинг ёруғ вақтида автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаганлиги учун жавобгарликни енгиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Шу билан бирга, Ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини (ҳозирда 101 минг 365 сўм) камайтиришга оид тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Аммо шу пайтгача кундузи чироқларни ёқиб юриш бўйича тартибни бузган ва жаримага тортилган машиналар нима бўлади, баённома тузилиб, ҳали жарима тўлашга улгурмаган автомобиль эгалари-чи, уларга нисбатан қандай йўл тутилади, деган ҳақли савол туғилади.

Матбуот анжумани давомида мутасадди ходимлар бу борадаги саволларга шундай изоҳ беришди.

Ҳаёт ҚЛИЧЕВ,

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари:

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 9-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. Кодекснинг 271-моддасига кўра маъмурий жавобгарликни белгиловчи ҳужжат бекор қилинган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим. Мазкур талабларга кўра, 2019 йил 4 июнга қадар ҳайдовчиларга нисбатан кундузи чироқ ёқиб юрмагани учун расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бекор қилинади.

Азизхон МУРОДОВ,

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходими, майор:

— Аввало, ушбу қарорнинг моҳиятини халққа тўғри етказиш керак. Кўпчилик фуқароларимиз орасида кундузи чироқларни ёқиб юриш тартиби бекор бўлди, деган нотўғри хулоса юрибди. Таъкидлаб айтаман, куннинг ёруғ вақтида чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тўғрисидаги қоидалар бекор бўлгани йўқ. Фақатгина 2021 йилгача муддат узайтирилди. Яъни, бу муддат ичида автомобиль эгалари кундузги чироқларини ёқмай юришлари мумкин ва шу орада ўз автомобилларини автоматик тарзда ёниб турувчи фаралар билан жиҳозлашлари шарт. Ушбу ўзгартириш мамлакатимизда ҳали техник жиҳатдан шароити яхши бўлмаган автомашиналар кўплигини инобатга олган ҳолда амалга киритилмоқда.

Шу пайтгача бундай қоидабузарлик учун жаримага тортилган машиналар масаласига келадиган бўлсак, айни вақтгача кундузи чироқ ёқиб юришга оид қарор юзасидан маъмурий жавобгарликка тортилган, яъни жарима пулини тўлаган ҳайдовчиларга пули қайтарилмайди. Лекин баённома расмийлаштирилган, аммо тўлашга улгурмаган ҳайдовчилар учун бу баённома ўз-ўзидан бекор бўлди.

 

 Мадҳия АВАЗОВА,

 “Инсон ва қонун” мухбири