Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўзбекистон Республикаси ­Адлия вазири Руслан­бек Давлетов нутқидан (2019 йил, 17 сон)

01.05.2019

Халқаро юридик форумининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ­Адлия вазири Руслан­бек Давлетов ўз нутқида қуйидаги энг муҳим масалаларга тўхталди:

Қонунлар ижроси

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида ҳозирга қадар 90 та қонун, 2000 дан зиёд Президент Қарорлари ва Фармонлари қабул қилинди. Энг муҳим вазифамиз, энди уларни тўлиқ ижро ­этиш, ҳаётимизга, амалиётга тўғри татбиқ этишдир. Ушбу ҳужжатлар билан киритилган ўзгаришларни, янгиликлар бирор бир самара берганини ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида ҳис этиши керак.

 

Инвестицион жозибадорлик

Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун инвестиция муҳитини яхшилаш муҳим аҳамият касб этади. Хорижлик сармоядорлар бизга қизиқиши, пул киритиши учун эса мамлакатимизда қулай инвестицион муҳит бўлиши керак. Аввало, қонунлар барқарорлиги таъминлаш муҳимдир. Инвестицияга оид қонунчиликни бир хилда қўллаш муҳим вазифалардан эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунда давлат асосан шароит яратиб бериш билан ва ортиқча васийлик қилмаган ҳолда ўзини иштирокини чеклагани маъқул, деб ўйлаймиз.

 

Мулк ҳуқуқи

Мулк ҳуқуқини биз таъминламасак, давлат органи, мамлакатдаги ҳар бир ишчи буни  тан олмаса, қадрият сифатида уни улуғламаса бу биз учун катта хавф, катта муаммолигича қолади. Шунинг учун мулк ҳуқуқини ҳақиқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида  иш олиб бораяпмиз.

 

Меҳнат қонунчилиги

Меҳнат қонунчилиги ҳозирги даврда энг муҳим масалалардан биридир. Айни дамда амал қилаётган Меҳнат кодекси совет иттифоқи даврида шаклланган концепция асосида бугунги кунгача келаяпти. Унинг ичида ижтимоий юкламалар жуда кўп, бу юкламаларни давлат органлари учун сақлаб қолиш мумкин. Лекин  тадбиркорлар, хусусий сектор вакиллари учун Меҳнат кодексида эгилувчанлик принципи, бемалол ишлаш, шартномага бўлган муносабатни кучайтирадиган талабларни киритишимиз лозим. Бу нимага олиб келади? Меҳнат бозорини ривожлантириш, меҳнат кучларининг мобиллигини таъминлаш ва рақобатбардош­ликни кучайтиришга олиб келади.

 

Фуқаролик қонунчилиги

Жамият учун, иқтисодиётни ривож­лантириш учун энг катта туртки бўладиган, марказий аҳамиятга эга бўлган фуқаролик қонунчилиги бизда ҳали ҳам эски совет тизими концепциялари асосида ишламоқда. Яқинда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепция ишлаб чиқдик. Президентимиз ушбу концепцияни тасдиқлаб бердилар. Кейинги йил июль ойигача янги таҳрирдаги “Фуқаролик кодекси”ни  тайёрлаймиз. Янги кодекс иқтисодиёт ривожи учун хизмат қилади.

 

Қишлоқ хўжалиги тартибга ­солинади

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида бўлаётган ўзгаришлар, эски тизим, мажбурий меҳнат масалаларини тартибга келтирдик. Лекин айни дамда қишлоқ хўжалиги тизимига замонавий бошқарув механизмларини олиб киришимиз лозим. Айниқса, кластер деган катта институт кириб келди. Ушбу институтни ҳуқуқий нуқтаи назардан тартибга солиш масалалари ҳозир энг долзарб аҳамият касб ­этиб турибди.

 

Суд-ҳуқуқ тизими мустақил ­бўлиши керак

 Қонун устуворлиги ҳақида кўп гапирамиз. Лекин қонун устуворлигини таъминлаш, одамлар эркинликни, озодликни ҳис этиб яшашлари учун биз энг аввало суд тизими ҳукуматнинг мустақил институтига айланишини таъминлашимиз зарур. Биз бу борада суд ҳокимиятига яқин кўмакчи бўламиз.