Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия ва ёшлар Адлия вазири: “Қонун — жамиятнинг виждони. Нима тўғри, нима нотўғри эканлиги қонунларда ёзилади”

30.10.2019

Адлия вазирлиги янги ташаб­бусни илгари сурди. Вазирликда Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда ҳуқуқий соҳада таҳсил ­олувчи ҳамда адлия соҳасига қизиқувчи, таклиф ва ташаб­бусга эга бўлган ёшларни жалб этган ҳолда “Адлия ва ёшлар” номли учрашув ўтказилди.

Ёшлик — инсоннинг шижоатга, куч-ғайратга, иштиёқ ва ишончга тўла бўлган ­ўзига хос даврдир. Бу даврни сермазмун ўтказиш, ҳар бир сониядан унумли фойдаланиш келгуси фаолиятимизга қўйилган сармоямиздир. Гувоҳи бўлаётганимиздек, бугунги ислоҳотларда ёшларнинг ўз ўрни бор, ­уларнинг креатив ёндашувлари, ғоялари муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолининг 53,7 фоизини ёшлар ташкил этади. Улар мамлакатимизнинг бойлиги, эртанги кунидир. Уларни ўз вақтида ҳаётга тўғри йўналтириш, қизиқишларини инобатга олиш, ­улар билан ҳисоблашиш, зарур шарт-шароит яратиш катта авлод вакилларининг бурчидир. 

Хабарингиз бор, адлия тизимида, хусусан, Тошкент давлат юридик университети, юридик коллежларда жуда кўплаб ёшлар таҳсил олади. Шу билан бирга тизимда иқтидорли ёшлар жуда кўпчиликни ташкил қилади.

Учрашувни ўтказишдан мақсад ёшларни қийнаётган масалалар ҳақида очиқ-ойдин суҳбатлашиш бўлди. Шу билан бирга ёшларга қонун устуворлиги нима, ҳуқуқ ва мажбуриятлар нега керак, қонунларга амал қилиш нима беради каби саволларга шахсан Адлия вазири томонидан жавоб берилиши қизғинлик бағишлади. Адлия вазири Русланбек Давлетов қонун ва қонун устуворлигига шундай таъриф берди: “Давлатни қонунлар кўринмас ип сингари боғлаб туради. Ҳар ким ўз мажбуриятини тўғри бажарса, у ерда қонунбузилиш бўлмайди. Қонун жамиятнинг виж­дони. Нима тўғри, нима нотўғри эканлиги қонунларда ёзилади”.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев қонунни светофорга ўхшатишини, агарда чорраҳада светофор бўлмаса, ҳаракатланиш қандай тартибсиз ва ўзбошимчаликка асос­ланса, қонунларсиз жамият ҳам шундай ҳолатга келишини таъкидлади.

Учрашув савол-жавобларга уланиб кетди. Ёшлар китоб ва китобхонликка муносабат, ота-онанинг фарзанд келажагига таъсири, гендер тенглиги масаласи, хусусан, адлия тизимида ­аёл ходимларнинг тутган ўрнига оид саволларга жавоб олдилар шунингдек, ёшлар борасида вазирнинг муҳим тавсиялари, хусусан, самосуд­га муносабат, европаликларга хос бўлган одатлардан воз кечиб, миллийликка асосланган тўйлар ўтказиш кераклигига оид таклифлар ҳам билдирилди.

Шунингдек, Адлия вазирининг “Ҳуқуқий нигилизм нима?”, “Темур тузуклари”нинг моҳияти ва аҳамияти қандай?, “Хабеас корпус нима?”, Ўзбекистон тарихига оид саволларга ёшлар тезкорлик билан ­аниқ жавоб беришди. Тадбирда фаол иштирок этган ёшлар вазирликнинг махсус эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Вазирлик тарихи, бугунги кундаги фаолияти ва истиқболдаги режалари тўғрисидаги тақдимотлар, видеоролик­лар ва Адлия органлари тарихи музейига ташриф орқали ёшлар адлия органлари тўғрисида ­янада аниқ тасаввур ҳосил қилишди.

 

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири