Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Инсон ҳуқуқи: уни бузишга йўл қўйилмаслиги керак (2019

25.10.2019

МАЪЛУМКИ, инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган.

Хусусан, Конституциямизнинг VII, VIII ва IX-бобларида фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари кўрсатиб ўтилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари қаторига яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, судда ишларни кўриш жараёнида шахсий манфаатларни ҳимоя килиш ҳуқуқи, ўз шаъни ва обрўсини қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётга ­аралашишдан ҳимояланиш ва тураржойи дахлсизлиги ҳуқуқи, республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқи, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, виждон эркинлиги, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар қаторига жамият ва давлат бошқарувида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи (сайлов ҳуқуқи, референдум, ­умумхалқ муҳокамасида иштирок этиш), митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказиш ҳуқуқи, касаба уюшмалари, сиёсий партиялар ва бошқа оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи, давлат органлари, муассасаларга ёки мансабдор шахсларга ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи; иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлар қаторига мулкдор бўлиш ҳуқуқи, омонатларнинг сир тутилиши, мерос ҳуқуқи, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, ­адолатли меҳнат шароитларида ­ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш ҳуқуқи, ижтимоий таъминотга эга бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи, билим ­олиш ҳуқуқи, бепул умумий таълим ­олишга бўлган ҳуқуқ, ижод эркинлиги кабилар киради.

Бироқ таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар такомиллаштирилаётганлигига қарамай инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига тез-тез дуч келмоқдамиз.

Жумладан, 2018 йил давомида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмаларига истеъмолчилардан ­уларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари юзасидан жами 13 089 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганида 1038 тага ошганлиги кузатилган.

2019 йил 20 июлда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев Kun.uz сайтига берган интервьюсида мамлакатда қайси соҳа йўналишлари бўйича инсон ҳуқуқлари нисбатан кўпроқ поймол ­этилаётганини маълум қилган. Унинг фикрларига кўра, ҳар йили тақдим этаётган ҳисоботларимиз тахминан 10-11 минг мурожаатни қамраб олади. Масалан, 2018 йили 10 800 та мурожаат келиб тушган. Шулар орасида шахсий ҳуқуқлар энг кўп даражада бузилиши ҳолатлари учрамоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳуқуқлар поймол этилиши ҳам юқори кўрсаткичда.

Ундан кейинги энг кўп мурожаат шахсий ҳуқуқни суд орқали ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлади. Кўпинча, суд ҳукмини адолатли эмас, деб топган фуқаролардан келиб тушади. Гарчи биз суд жараёнига таъсир қилишимиз мумкин бўлмаса ҳам, агар ўрганишлардан кейин асосли, деб топсак, судга Омбудс­маннинг тавсиявий хатини ­юборамиз. Бироқ таъкидлаш жоизки, бу хат мажбурий характерда эмас.

Учинчи ўринда энг кўп мурожаатлар жазо муддатини ўтаётган шахслар томонидан юборилади. Бундай шикоятлар сони охирги икки йил ичида сезиларли даражада ошди. Олдин тахминан йилига 200 та атрофида бўлса, ҳозир бу рақам ярим йилнинг ўзидаёқ 900 тани ташкил қилмоқда.

Ўтказилган таҳлиллар инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши соҳасида қуйидаги ҳолатлар уларнинг бузилишига олиб келаётган асосий сабаблар бўлаётганлигини кўрсатмоқда:

Биринчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми тўлиқ даражада шаклланмаган.

Биламизки, давлат фуқароларининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Мазкур норма ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ёки бошқа давлат органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолияти, фуқароларнинг давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш, судга шикоят қилиш каби ҳуқуқлари билан рўёбга чиқади. Бироқ фуқароларнинг мазкур кафолатлардан тез ва сифатли фойдалана олиши амалиётда суст кечмоқда. Яъни, фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилганлигини билган тақдирда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган механизмлардан етарлича фойдалана олмайди. Бу, албатта, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мавжуд механизмларни такомиллаштириш ҳамда янги шундай механизмларни яратиш лозимлигидан далолат беради.

Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бузилишига фуқароларнинг қонунчиликда мустаҳкамланган ўз ҳуқуқларидан хабардор эмаслиги ёки уларни амалга оширишга қаратилган чоралар, хусусан, талаб қилиш, ўз ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан судга ёки давлат органларига мурожаат этиш кабилардан фойдаланмаслиги сабаб бўлади. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилганлигини билган ҳолларда ҳам уларни бузилгани юзасидан шикоят билан мурожаат ­этишдан қочади.

Хўш, бундай лоқайдсизликка нима сабаб бўлмоқда? Фикримизча, фуқароларнинг бундай шикоятларга сабаб бўлган ҳолатларни арзимас ҳолат, деб баҳолаши, шикоят бериш ортиқча оворагарчиликлар келтириб чиқаради ва ўзимни вақтимни олади ёки шикоят қилган тақдиримда ҳам ҳеч қандай чора кўрилмайди, деб ҳисоблаши, ҳуқуқбузар билан мунозарага киришишга ­уриниши, ­улар учун бундай ҳолатлар ­одатий кўринишга айланганлиги, кимга ва қай тариқа мурожаат этиш тартибидан бехабар бўлиши, ҳуқуқбузарга нисбатан қарам кайфиятда бўлиши ёки кейинчалик тазйиқ ­остида қолишдан қўрқиши кабилар сабаб бўлади.

Учинчидан, давлат органлари мансабдор шахслари ёки хизматчилари ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиши, ваколатларини суиистеъмол қилиши инсон ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир.

Хусусан, манбалар шахсий ҳуқуқлар бузилиши фуқароларни тергов жараёни билан боғлиқ бўлишини кўрсатади. Тергов эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти орқали амалга ­оширилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми тўлиқ даражада шаклланмаганлиги, фуқаролар ва давлат органи ходимларининг етарлича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятга эга эмасликлари инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётган муаммоларнинг асосий сабабларига айланиб улгурган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган қуйидаги таклифлар илгари сурилади:

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш соҳасида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ­(Омбудсман) масъулиятини ошириш;

ҳуқуқлари бузилган шахслар билан биргаликда бунга сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш ва улар асосида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ­ошириш йўналишларини белгилаб бориш;

инсон ҳуқуқлари бузилиши эҳтимоли бўлган соҳаларда шаффофлик ва ҳолисликни таъминлаш орқали инсон ҳуқуқлари бузилган ҳолларда самарали ҳимоя воситаларини мустаҳкамлаш;

давлат органлари хизматчилари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш.

 

Адиба САФАРОВА,

ҳуқуқшунос