Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қурилиши битмаган уй битиши учун муддат қўйилди (2019 йил, 42 сон)

24.10.2019

МАМЛАКАТИМИЗДА аҳоли сони ўсиб бораётгани натижасида кейинги йилларда ҳар қарич ернинг қадри ошиб, одамларнинг уй-жойли бўлишида талай муаммолар келиб чиқа бошлади. Бу муаммога барҳам бериш мақсадида Президентимиз томонидан халқимиз турмуш тарзи, орзу-истакларига ҳамоҳанг яхлит тизим ишлаб чиқилди.

Жойларда қурилаётган намунавий уй-жойлар қишлоқларимиз қиёфасининг янада замонавий кўринишга келишида ҳамда фуқаролар учун ихчам, қулай ва арзон уйларга эга бўлишида катта аҳамият касб этмоқда.

Лекин айрим “қурувчи” ташкилотлар қишлоқ жойларда намунавий уй-жойларни қуриш бўйича тузилган шартномадаги мажбуриятларини бажармаслиги фуқароларнинг белгиланган муддатларда ўзлари йиллаб орзиқиб кутган уйларига кўчиб кира олмаслигига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Жиззах вилоят адлия бош­қармаси томонидан Зафаробод туманида яшовчи фуқаро Фарход Абдуалимовнинг намунавий уй-жойи қурилиши тугалланмаганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати кўриб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро Ф.Абду­алимов билан 2017 йил 8 февралда “Қишлоққурилишинвест”
МЧЖ ИК Жиззах вилоят филиали ва пуд­ратчи “SOFIYA INVEST STROY” МЧЖ ўртасида Зафаробод тумани “Узун-2” аҳоли пунктидаги “С.Синдаров-2” массивида 2-қаватли 3-хонали уй-жой қуришга шартнома тузилиб, шартнома шартларига кўра, Ф.Абдуалимов белгиланган тўловларни тўлиқ тўлаган бўлса-да, қурилиш ишлари шартномада кўрсатилган 2017 йил 15 ноябрга қадар тугалланмаган.

Ўрганишда “Қишлоққурилишинвест” МЧЖ ИК Жиззах вилоят филиали ўз шартномавий мажбуриятларини муддатида бажармаганлиги оқибатида уй-жой қурилиши тугалланмаганлиги аниқланиб, адлия бошқармаси томонидан Ф.Абду­алимов манфаатида фуқаролик иш­лари бўйича Жиззах туманлараро судига шартнома шартларини асл ҳолича бажариш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Суднинг 2019 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилиб, “Қиш­лоққурилишинвест” МЧЖ ИК Жиззах вилоят филиалига фуқаро Ф.Абдуалимовнинг уй-жойи қурилишини 2019 йил 24 октябрга қадар тугаллаш мажбурияти юклатилди.

 

Шерали СУЮНОВ,

Жиззах вилоят адлия бошқармаси масъул ходими