Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия тадбиркорга дўст (2019 йил, 42 сон)

24.10.2019

АДЛИЯ вазирлиги илк маротаба янгича ёндашув асосида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхонаси билан ҳамкорликда “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида тадбиркорларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиш орқали уларнинг фаолиятида ­юзага келаётган муаммоларини ҳал ­этиш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳамда мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш режалаштирилган.

Бу борада туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳам тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўриб борилмоқда.

Жумладан, Музработ туман адлия бўлимига тадбиркор Қ.Расулов (“OYBEK AVTOTRANS” МЧЖ раҳбари) ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ ва “Музработ пахта тозалаш” АЖ ўртасида 2017 йил 17 сентябрда Автомобиль транспортида ҳашарчиларни ташиш бўйича шартнома тузилганлиги ҳамда МЧЖ томонидан бир неча бор талаб қилинишига қарамасдан мазкур шартномага асосан бажарилган хизмат тўловлари ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги юзасидан мурожаат қилган.

Бўлим томонидан тадбиркорнинг ушбу мурожаати тақдим этилган ҳужжатлар ­асосида ўрганиб чиқилиб, асослар етарли, деб топилди ва Шеробод туманлараро иқтисодий судига кўрсатилган транспорт хизмати учун тўланмаган асосий қарз ва пеня ундириш ҳақида (68 934 000 сўм асосий қарз ва 34 467 000 сўм пеня) даъво аризаси киритилиб, суд томонидан қаноатлантирилди.

Худди шунингдек, бўлим томонидан яна 2 та ҳолатда тадбиркорлар Б.Нормаматов (“SURXON BUNYODKOR LOYIHA” МЧЖ раҳбари) ва Ф.Эгамов (“Музработ автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖ раҳбари)ларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда иқтисодий судга жами 450 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги даъво аризалари киритилди ва бунинг натижасида тадбиркорларнинг адлия органларига ишончи ортиб бормоқда.

 

Сафар ТУРСУНОВ,

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими