Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Лоқайдлик тинчлик ва тараққиёт илдизига болта уради (2019 йил, 41 сон)

23.10.2019

ДУНЁ янги давр — ахборот даврини бошдан кечирмоқда. Ҳозирги пайтда интернет тизими имкониятларининг чек-чегараси йўқ. Очиғи, бугунги кунни интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди. Кишиларнинг дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан доимо бохабар бўлиб боришига ҳам интернет ягона восита бўлиб қолди.

Бироқ ушбу “электрон дунё”да ҳам қора кучлар ўзининг кўланкаларини солмоқда. Булар, яъни интернет орқали инсонларга моддий ва молиявий зарар етказаётган қаллоб кимсалар “кибертеррорчилар”, деб номланади. Бундай шахслар фаолияти, ўта ишонувчан ва содда одамларни лақиллатиб, уларни алдаш баробарида, мулкларига, ҳаётларига ва соғликларига таҳдид қилиб, давлат инфратузилмаларининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Хўш, кибертеррорчилик ўзи нима? Кибертеррорчилик — махсус хакерлик дастурлари орқали компьютер бошқаруви тармоқларини эгаллаб олиш, вируслар ёрдамида компьютер тармоғини ишдан чиқариш каби хунрезликларни амалга оширади. Вирус ва бошқа зарарли дастурлар, қонунга зид ахборотлар тайёрлаш ва тарқатиш, хакерлик ҳужуми, веб-сайтларга ноқонуний кириш, фирибгарлик, муаллифлик ҳуқуқини бузиш, кредит карточкалари рақами ва банк реквизитларини ўғирлаш ҳамда бошқа турли виртуал жиноятларнинг содир этилиши шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, кибертеррорчилар дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳукумат идоралари, халқаро ташкилотларнинг маълумот захираларига тинимсиз ҳужумлар уюштиради.

Кибертерроризмнинг ўсишига оид таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, унинг инсониятга нисбатан солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда. Дейлик, бугун энг чекка ҳудудларга ҳам компьютер технологиялари кириб борган. Сир эмас, интернетдан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортмоқда. Ер ­юзининг деярли исталган нуқтасида интернетга уланиш имкони бор. Дунёнинг 200 га яқин давлатида интернет мавжуд.

Шундай экан, интернет тармоғи истеъмолини яратиш ҳукмронлиги учун давлатлар ўртасида кучли рақобат ортиб бормоқда. Бу эса кибертерроризмнинг шиддат билан ўсиб боришининг асосий сабабларидан бири саналади. Негаки, дунёнинг кўплаб қора кучлари учун интернет қурол-яроғ ёрдамида амалга ошириладиган террорчилик ҳаракатларидан арзонга тушади. Сабаби, интернетнинг тезкорлиги, тежамкорлиги ва очиқлиги, назоратнинг сустлиги ёки бўлмаслиги, чегара билмаслиги, ҳамфикрларни тўплаш мумкинлиги, асл манбани излаб топиш имконсизлиги кибертерроризмга кенг йўл очади.

Халқаро кибертерроризм тарафдорлари интернет оламида ўзларининг мафкуравий майдонларини яратиб, кенг қамровли ахборотлашган террор “Муқаддас уруш”, “Элект­рон-жиҳод”ни олиб бораётганликлари ҳам сир эмас. Натижада, глобал ва минтақавий хавфсизликка нисбатан янги таҳдид пайдо бўлиб, турли хавфлар юзага келаётганлиги айни пайтда ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммоларини юзага келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, ёт кучлар шундоққина ёнимизда, қўл телефонимизда, ноутбук ва компьютеримизда ўз фурсатини кутиб, пойлаб ётган бўлса, ажаб эмас. Лоқайдлик, ҳушёрликдан воз кечиш, ўзликни унутиш доимо тинчлик ва тараққиёт илдизига болта уриб келган.

 

Гулҳаё НУРМЕТОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири