Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Мурожаатларга тўсиқ қўйилмайди (2019 йил, 41 сон)

23.10.2019

МАЪЛУМКИ, мамлакатимизда тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини ­амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларини ҳал этиш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва моддий фаровонлигини ўстириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари бу борада муайян вазифаларни амалга оширмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, жорий 2019 йил 14 майда Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қуватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш, уларни қабул қилиш, видеоконференцалоқани йўлга қўйиш, сайёр қабулларни ўтказиш белгиланди. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш вазифалари юкланди. Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ҳоказолар белгиланди.

Айни пайтда Чилонзор туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси фаолият олиб бормоқда. Ушбу ташкил қилинган қабулхонада тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳар куни ­амалга оширилаяпти.

 Куни кеча ушбу қабулхона ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари мазкур Фармон ва бу борада қабул қилинган янги ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида тезкор ва тизимли иш олиб борилиши ҳақида йиғилганларга маълумотлар беришди. Жумладан, тадбирда таъкидланганидек, тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек, бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилмоқда. Айтиш жоизки, қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига асоссиз мурожаатларни кўриб чиқиш учун топшириш тақиқланади. Тадбиркорларнинг мурожаатлари 7 кун муддатда ҳал этилиши, ҳар бир мурожаатни жойида ҳал қилиш, агар жойида ҳал қилиш имкони бўлмаса, 2 кун муддатга ваколатли давлат органларига юбориш ва ҳоказолар тўғрисида батафсил тушунтирилди.

 

Элдор АМИРҚУЛОВ,

Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Чилонзор туман қабулхонаси мудири