Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси тақдим этилди (2019 йил 41 сон)

23.10.2019

АДЛИЯ вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Йиғилишда Адлия вазирлиги, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларнинг масъ­ул ходимлари, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги (USAID) экспертлари иштирок этди.

Кодекс лойиҳаси “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ­амалга оширишга оид Давлат дастурининг 44-банди ижроси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур ло­йиҳа қабул қилиниши билан амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ўз кучини йўқотади.

Янги ишлаб чиқилган кодекс ло­йиҳасида Давлат дастурида белгиланган қуйидаги вазифалар ўз аксини топ­ган:

  • ишни кўришнинг процессуал тартибини такомиллаштириш;
  • процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини мақбуллаштириш;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ­(электрон баённома, электрон маъмурий иш ва бошқалар);
  • жабрланувчи аризасига асосан юритиладиган маъмурий ҳуқуқ­бузарликларга оид ишларни тугатиш тартибини жорий қилиш;
  • маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштириш;
  • жарима жазосини ихтиёрий ­ижро этишни рағбатлантиришнинг диф­ференциал тартибини жорий этиш;
  • маъмурий жавобгарликка тортишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар тоифасини мақбуллаштириш.

Бундан ташқари, лойиҳада бир неч­та концептуал ўзгаришлар таклиф этилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  • Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғ­ри­сидаги кодекс лойиҳасида умум­ҳуқуқий ва махсус принцип­лар рўйхатини аниқлаштириш ва кенгайтириш;
  • Маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан юридик шахслар жавобгарлигини жорий қилиш;
  • Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғ­рисидаги кодексни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун билан мувофиқлаштириш;
  • Маъмурий жавобгарлик ва маъмурий жазодан озод қилиш.

Давра суҳбати давомида Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун билан мувофиқлаштириш, юридик шахсларнинг жавобгарлиги, жарималар миқдори масалаларида жиддий баҳс мунозаралар бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси мутахассислар таклифлари асосида такомиллаштирилади ва умумхалқ муҳокамасига қўйилади.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими