Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тошкентда инглиз ҳуқуқи куни ўтказилди (2019 йил, 42 сон)

22.10.2019

ПОЙТАХТИМИЗДА “English Law Day in Tashkent” (“Тошкентда инглиз ҳуқуқи”) халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Форум Ўзбекис­тон Республикаси Ад­лия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Президентимизнинг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асос­ланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқариш­лар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш ­чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилиш, инглиз ҳуқуқи соҳасида фаолият юритувчи хорижий ҳуқуқшунослар билан тажриба ва фикр алмашишдан иборат.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Фармони билан Адлия вазирлигига “Навоий” ЭИЗ ҳудудида иш юритишда инглиз тилидан фойдаланиб, инглиз стандартлари, тамойиллари ва нормалари асосида “Навоий” ЭИЗ иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутувчи алоҳида ҳуқуқий режим ўрнатиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилган эди.

Бу вазифани амалга ошириш ­учун вазирлик томонидан хорижий давлатларнинг ўз ҳудудида инглиз ҳуқуқи тизимини жорий этиш бўйича хорижий илғор таж­риба ва ушбу тизимни Ўзбекис­тон ҳудудида қўллаш истиқболларини ўрганиш юзасидан фаол ишлар амалга ­оширилмоқда.

Анжуманнинг биринчи кунида тадбир “English Law Day in Tashkent” мавзусида халқаро конференция форматида бўлиб ўтди. Унда инг­лиз ҳуқуқидаги сўнгги ўзгариш­лар, хусусан, инглиз ҳуқуқини халқаро арбитраж билан қўшилиши ва сингдирилиши бўйича иш юритишда қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир Анг­лия ва Уэльс юристлар жамияти (The Law Society of England and Wales) ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Иккинчи кун Ўзбекистон ­Ад­лия вазирлиги томонидан “Ўзбекис­тонда инглиз ҳуқуқи нормаларини жорий этиш истиқболлари” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилди. Анжуман иштирокчилари континентал ҳуқуққа эга мамлакатларда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб масалалари, хусусан бу соҳада хорижий мамлакатлар тажрибаси ва Ўзбекистон истиқболларини муҳокама қилдилар.

Жумладан, хорижий инвес­тицияларни рағбатлантиришга ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга кўмак берадиган ҳуқуқий режим яратишда инг­лиз қонунларини мослаштириш ва қўллаш имкониятлари, суд тизимининг инглиз қонунларини амалга оширишдаги роли хусусида сўз борди. Шунингдек, экспертлар Қозоғистон, БАА, Қатар ва Сингапурнинг инглиз қонунларини қўллаш борасидаги тажрибасини тақдим этдилар. ­Асосий эътибор Ўзбекистон Рес­публикасида инглиз ҳуқуқи нормалари жорий этишнинг аҳамиятига қаратилди.

Иштирокчиларни ўз ҳудудларида инглиз ҳуқуқидан фойдаланувчи мамлакатлар тажрибаси билан яқиндан таништириш мақсадида Адлия Лорди Питер Гросс, МФЦА бошқаруви маслаҳатчиси Игорь Рогов, МФЦА Суди аппаратининг регистратори ва раҳбари Кристофер Кэмпбелл-Холт, “Norton Rose Fulbright” халқаро юридик фирмаси катта юрис­ти Саймон Кох каби эксперт ва ҳуқуқшунослар ҳамда Буюк Британия юридик доира вакиллари жалб қилинган.

Конференция якуни бўйича Ўзбекистон ҳудудида инглиз ҳуқуқи нормаларини жорий этиш истиқболларини кўзда тутувчи таклифлар ишлаб чиқилади.

Маълумот учун: Қозоғистон, ХХР, БАА, Сингапур ва бошқа мамлакатларда инглиз ҳуқуқидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг июнь ойида Адлия вазирлиги делегацияси Қозоғистонга ташрифи доирасида “Астана” халқаро молия марказининг инглиз ҳуқуқини татбиқ этишга доир тажрибасини ўрганди.

Ташриф якуни бўйича ушбу тизимни “Навоий” ЭИЗ ҳудудида жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланди.

Бундан ташқари, Адлия вазири Р. Давлетовнинг 2019 йил 25-28 июнь кунлари Лондон шаҳрига ташрифи доирасида ҳам Буюк Британиянинг тегишли ташкилотлари билан қатор учрашувлар ташкил этилган эди. Уларда ­Ўзбекистон раҳбарининг республикамиз ҳудудида инглиз ҳуқуқини жорий этишга доир ташаббуси муҳокама қилинган эди.

Британия вакиллари мазкур масалани ўрганишда эксперт ёрдамини кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Ўзбекистонда инг­лиз ҳуқуқини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилиш бў­йича конференция ташкил ­этишга келишиб олинган.

 

Русланбек  ДАВЛЕТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири:

— Айни вақтда Ўзбекистонда бир неча ҳуқуқий ислоҳотлар амалга  оширилмоқда. Биринчидан, мамлакатда давлат бош­қарувининг янги моделига ўтиш бўйича туб маъмурий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунда ҳам давлат органларининг имижини ва маҳсулдорлигини ­ошириш, антикоррупциявий чоралар билан тадбиркорлар учун маъмурий енгилликлар бериш ва бу билан иқтисоднинг ­ўсиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ислоҳотларда асосий эътибор бизнесда турли бюрократик босқичларни қисқартиришга қаратилмоқда. Биз бу борада 80 га яқин лицензия ва рухсатномаларни бекор қилдик. Лицензия ва рухсатномаларнинг расмийлаштириш муддати қисқартирилди.

Давлатга бўлган ишончни ҳимоя қилиш принципи яратилган бўлиб, у ҳалол сармоядорлар ва тадбиркорлик субъектларини мансабдор шахсларнинг кутилмаган маъмурий хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш механизмларини назарда тутади.

Иккинчидан, бизнес ва инвестиция киритишда қулай шароитлар яратиш мақсадида иқтисодиёт эркинлаштирилиши олиб борилмоқда. Иқтисодий фаолиятда турли соҳаларда 300 га яқин имтиёз ва преференциялар ўрнатилди. Айни вақтда 21 та эркин иқтисодий зона ташкил ­этилган. Бу йилдан солиқ юкини кескин камайтиришни ­ўзида акс эттирган солиқ тизими амалга киритилди.

Учинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасида комплекс чоралар кўрилмоқда. Жамият бу ислоҳотдан кўп нарса кутмоқда. Балки биз айни вақтдаги суд-ҳуқуқ соҳасидан 100 фоизли қониқиш ҳосил қилмасмиз, лекин ўзгариш­лар бўлмоқда.

 

Чика МУРА,

Англия ва Уэльс юристлар жамияти вакили:

— Бугун бутун дунё мамлакатингизда рўй бераётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатмоқда ва барча соҳада, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни ижобий баҳоламоқда.

Форум доирасида хал­қаро миқёсда турли савдо ҳамда бошқа соҳаларда шартномалар тузилишида Англия
ёки инглиз ҳуқуқининг қўлланилиши масаласи муҳокама этилди. Бир компаниянинг бошқа компа­ния томонидан сотиб олиниши ёки уларнинг қўшилиши, шунингдек, қурилиш жараёнларида инглиз ҳуқуқининг қўлланилиши масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўйлайманки, мамлакатингизда инглиз ҳуқуқининг татбиқ этилиши турли компаниялар орасидаги ўзаро баҳслар ёхуд халқаро миқёсда тадбиркорликни ривож­лантиришда юзага келадиган муаммоларни ижобий ҳал этишга имкон беради. Бу Ўзбекистон тараққиёти ­учун ҳар тарафлама фойдалидир. Биз эса ушбу ҳуқуқни жорий этишда ҳамкорликка тайёрмиз.

 

Кристофер Кэмпбелл-Холт,

МФЦА Суди аппаратининг регистратори ва раҳбари:

— Биз суд-ҳуқуқ соҳасига инг­лиз ҳу­қу­­қининг жорий эти­лиши бўйича Қозоғис­тон таж­рибасини бўлишиш ­учун Ўзбекистон Рес­публикаси Адлия ва­зир­ли­ги таклифига биноан ташриф буюрдик. Ўзбекис­тонда инвес­тор­лар ­учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Ва бунинг ҳуқу­қий механизми яратилган. Мазкур жараённи янада юксалтириш борасидаги давлатимиз тажрибасини ўрганиш ҳам яхши самара беради, деб ўйлайман. Ва биз бугун ўз чиқишларимизда инглиз ҳуқуқининг жорий этилиши давлатимизга нима берди, ютуқ ва камчиликлар хусусида суҳбатлашдик. Айтишим лозим, Қозоғистон ва давлатингизнинг континентал ҳуқуқи жуда ўхшаш. ­Яъни, бизнинг ҳуқуқий тизимларимиз бир-бирига жуда яқин. Шу сабабли ҳам мен ўз маърузамда инглиз ҳуқуқининг жорий этилиши босқичлари ҳақида гапирдим. Шунинг­дек, араб давлатларида ­узоқ йиллар ишлаганим боис у ердаги суд тизимига оид тажрибаларим билан ҳам бўлишдим. Бугунги конферен­ция Ўзбекистон ­учун ниҳоятда аҳамиятли. Боиси, бу орқали турли давлатларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаги ютуқлар ва камчиликларни ўрганишга яхши имконият беради.

 

Нодир СИДИҚОВ,

“Fieldfisher” халқаро юридик фирмаси ҳамкори:

— Инглиз ҳуқуқини капитал бозорда, икки томонлама иқтисодий битимларда қўллаш масаласининг бир неча усуллари мавжуд. Масалан, пойтахтда халқаро иқтисодий марказ ташкил этиш мумкин. Яна бир усули — эркин иқтисодий зонада жойлашган тадбиркорларга инглиз ҳуқуқини қўллашга рухсат беришдир. Инглиз ҳуқуқини бу соҳада қўллаш жуда ҳам қулайдир. Биз ислоҳотларни тўхтатмаслигимиз керак. Бу йўлдан Германия ва Фран­ция каби давлатлар ҳам ўтган. Улар бу тизимни кўриб, фойдали томонларини олишган ва амалга татбиқ этишган. Бу бўйича нафақат қонунларни ишлаб чиқиш, балки ­юридик мутахассисларга тренинглар ташкил ­этиш, тушунтириш ­ишларини ­олиб бориш керак. Бунинг энг ­асосий йўли — инвестиция киритишдир. Бу инвесторларга қулайлик яратади. Инвестиция жозибадорлигини оширишдаги тўсиқларни ­олишга кўмаклашади. Умуман, бу тизим шартнома қандай тузилади, ташкилий ­ишлар қандай олиб борилади — ҳаммасини тартибга солади. Бизнинг мамлакатга татбиқ қилиниши мумкин бўлган қулай нормалар мавжуд. Масалан, компания ташкил қилиш шартлари. Бизнинг қонунларга кўра устав ёки таъсис шартномаларининг аниқ формати мавжуд бўлиб, унда чапга ўнгга юра олмайсиз. Инглиз ҳуқуқида эса компания тузиш бўйича шартномадаги шартлар жуда эркин. Масалан, мен кўпроқ пул киритганим учун дастлабки икки йилда дивиденд олишим мумкин. Аммо бизда бундай эркин қоидалар мавжуд ­эмас. Инглиз ҳуқуқнинг киритилиши мана шу каби имтиёзларни оширади.

 

Мадина ҲАМДАМОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири