Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Медиаторлар ким, медиация нима? (2019 йил, 42 сон)

22.10.2019

РЕСПУБЛИКА юристлар малакасини ­ошириш марказида медиаторлар учун ўқув курслари ташкил этилди. Хўш, медиация ўзи нима, медиаторлар кимлар? Бу замонавий атамалар аввал ҳам мамлакатимизда бўлганми? Медиаторлар яраштирувчилар, ижобий хулосага келишга ёрдам берувчи кишилардир. Улар турли тушунмовчиликлар ва низоли вазиятларни тинч йўл билан ҳал қилишга, ўзаро келишувга эришишга хизмат қилади.

Медиация нима ва нима учун уни “юмшоқ ҳуқуқ” элементи, деб аташади?

Тарихга назар. Тарих зарварақларида Вавилон, Қадимий Греция ва Қадимий Римда медиация қўлланилганлиги қайд этилган. Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб (милоддан аввалги VI аср) баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация технологияси асосан савдода қўлланилган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни “medium” — “воситачи” сўзи билан ифодалашган. Воситачиларга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Уларни доҳийлар ва руҳонийлар билан бир қаторга қўйишган. Замонавий тушунчаларда медиация XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Европада медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.

Медиация нима? — Медиация баҳс-мунозараларни учинчи томон иштирокида низолашаётган тарафларни муқобил қарорга эришиш мақсадида татбиқ этиладиган ҳуқуқий технологиядир, дейди Республика юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, доцент Севара Маърипова. — Ушбу йўналиш маълум шарт ва тамойилларига эга. Масалан:

  • • томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
  • • ихтиёрийлик;
  • • ўзаро ҳурмат;
  • • конфиденциаллик;
  • • жараённинг шаффофлилиги;
  • • медиаторнинг холислиги.

Медиация қачон қўлланилади? Медиация суддан ташқари тартибда, баҳс-мунозарани суд тартибида кўриб чиқиш жараёнида, суднинг қарор чиқариш учун зални тарк ­этишидан аввал қўлланилади. Агар гап Ҳакамлик суди ҳақида кетаётган бўлса, шакл худди шундай бўлади. Медиацияда иштирок этиш факти айбга иқрор бўлишнинг исботи ҳисобланмайди!

Медиация иштирокчилари. Жараён иштирокчилари — томонлар ва медиатор. Томонлар, шунингдек, ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар бўлиши мумкин. Томонлар ҳам медиаторлар каби икки нафар ва ундан кўп бўлиши мумкин.

Медиатор ким? Медиатор икки томондан баҳс-мунозарани тартибга солиш ­учун жалб қилинувчи шахс. Жараённи ўтказишда воситачи мустақил ва холис бўлади. Воситачининг иши томонлар ман­фаатига қараб олиб борилади. Воситачилар икки тоифага бўлинади:

  • • профессионал воситачилар — Ўзбекистон Адлия вазирлиги дастури бўйича таълим курсини ўтовчи шахслар;
  • • нопрофессионал воситачилар — 25 ёшдан ошган, медиатор бўлиш истагини билдирган шахслар (улар хоҳишларига кўра Адлия вазирлиги қошида махсус таълим курсини ўташлари мумкин).

Профессионал медиаторни қандай топиш мумкин? Агар сизга профессионал воситачи керак бўлса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти ёки Қорақалпоғистон Республикаси Ад­лия вазирлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг адлия бошқармалари сайтларига киришингиз мумкин. У ерда профессионал воситачилар реестри тақдим этилган. Реестрда медиаторнинг исми ва фамилияси, боғланиш учун маълумотлар, медиация соҳаси ва воситачининг жараённи олиб бориш тилига оид маълумотлар кўрсатилган.

Медиатор хизмати қанча? — Таъкидлаш жоиз, нопрофессионал воситачилар фаолияти беминнат олиб борилади, профессионал воситачилар фаолияти эса — тўлов асосида ёки беминнат. Агар нопрофессионал мутахассис ишлаётган бўлса, у ҳолда унинг жараён ўтувчи жойга келиш ва кетиш, яшаш ҳамда овқатланиш харажатлари қопланиши мумкин. Ким ва қанча тўланиши томонлар келишувига боғлиқ. ­Одатда харажатлар томонлар орасида тенг иккига бўлинади. Агар медиатор жараённи ўтказишдан воз кечса, у дастлабки тўланган пул воситаларини қайтаришга мажбур. Шунингдек, медиациянинг қўлланилиши ўзаро зиддиятли вазиятларни ­юмшатади, мерос, уй-жой талашиш, ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатларни камайтиради, — дейди курс тингловчиси, Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раиси Фозилжон Отахонов.

Медиация жараёни қанча вақт олади? Қонунга мувофиқ жараён 30 кундан ортиқ давом этмайди. Бироқ зарурат туғилганда томонларнинг ўзаро келишуви асосида муддатни яна 1 кундан 30 кунгача узайтириш мумкин.

Медиациянинг ижобий ва салбий томонлари. Жараён — мутлақо ихтиёрий ва келишув ­асосида амалга оширилади. Томонлар воситачи ёрдамида жараённинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўйлаб кўриш имконига эга. Сиз ўзингиз истаган натижага суд оворагарчиликларисиз эришишингиз мумкин. Ушбу технология деярли салбий жиҳатларга эга эмас. Медиацияни анъанавий суд жараёнига таққослаш мумкин, унда ҳам қайси томоннинг ҳуқуқий далили кўпроқ ва ишончли бўлса, медиатор ўша томонни ғолиб деб эълон қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 31 январдаги 54-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Медиаторларни тайёрлаш дастури”га мувофиқ жорий йилнинг 23 сентябрь ойидан бошлаб 140 соат (бир ой)лик дастур бўйича медиаторларни қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилди, ўқув дастури ишлаб чиқилди ва услубий асослари белгиланди. Юристлар малакасини ошириш марказининг профессор-ўқитувчилари АҚШ, Сингапур, Беларусь медиация бўйича етакчи мутахассислари томонидан малакаси оширилиб, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда янги ўқув методик комплекслари яратилиб ўқув жараёнига татбиқ этилди.

— Ўқув машғулотлари жуда қизғин ўтди. Айниқса, назарий билимларнинг амалиёт билан қўшиб олиб борилгани жуда фойдали бўлди. Жумладан, низоли ҳолатлар, медиаторларнинг бундай вазиятларни юмшатиши, ижобий ечимга келиш, томонларни яраштириш қандай олиб борилиши кераклиги, бу борадаги муҳим усул ва услублар келгуси фаолиятимизда ҳам қўл келади, дейди курс тингловчиси, Тошкент вилоят Ҳакамлик суди раиси Алишер Акрамов.

 

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири