Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Коррупция — тараққиётга таҳдид (2019 йил, 36 сон)

11.09.2019

КОРРУПЦИЯ муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўта салбий оқибатларга олиб келади. Коррупция, хусусан, демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ривожланишнинг секинлашиши, кадр­лар сифатининг пасайиши ва оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг илдиз отишига, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши ва ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади.

Шунинг учун порахўрликка қарши ҳар бир давлат ўз ҳолича курашиб келади ва қайсидир давлатда коррупцияга деярли барҳам берилган бўлса, яна қаердадир бу иллат “гуллаб-яшнаш”да давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битими (Мос­ква, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини ­амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

Коррупция билан боғлиқ жиноятчиликнинг хавфсизлик ва жамият тараққиётига соладиган кўпгина таҳдидлари мавжуд.

Шу боис, мамлакат ғоят муҳим капитал маблағлар манбаидан, технологиялар ва тажрибадан, жаҳон иқтисодий тизимининг соғлом, соф қисмига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”лигини қайта-қайта уқтирмоқда. Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадр­лайдиган ҳар бир фуқаро жиноятчилик ва коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйилмаса, бу иллатлар аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англаб етмоғи лозим.

 

Дилшод АШУРОВ,

Самарқанд шаҳар 8-сон давлат нотариал идораси нотариуси