Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлиядан янги ташаббус: энди ҳуқуқий мададга муҳтож бўлмайсиз. Чунки... (2019 йил, 36 сон)

11.09.2019

ХАЛҚИМИЗГА хос буюк қадриятлардан бири оқибат тушунчасидир. Бу одамларнинг бир-бирига меҳр кўрсатиш, кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, мадад бериш туйғулари орқали намоён бўлади. Муҳими, мадад ҳеч қачон бирон манфаат кутиб кўрсатилмайди. Унинг ўлчови ҳам, баҳоси ҳам йўқ. Мадад қалбнинг саховати, эзгуликнинг нишонаси, белгисидир. Луғатларда мадад сўзига қуйидагича таъриф берилган: яъни далда бўлувчи моддий ёки маънавий ёрдам. Демак, мадад ортида миннат ётмаса бу тушунча оқибатга айланади.

Айнан мазкур эзгу мақсадлар йўлида Адлия вазирлиги навбатдаги хайрли ишга қўл урди. Вазирлик ташаббуси билан аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилоти шаклидаги “Мадад” муассасаси ташкил этилди. Айнан ушбу муассаса орқали ҳуқуқий масалаларда фуқароларга ҳар томонлама кўмак бериб борилади. Ушбу муассасанинг пойдевори Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди.

 

Қандай зарурат бор эди?

Таъкидлаш жоиз, аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш амалиёти шу кунгача ҳам қўлланиб келинмоқда. Лекин бу ишлар доимий равишда ва тизимли олиб борилмас эди. Фуқаролар бундай маслаҳатларни қаерда ва қачон олиш ҳақида аниқ билмасдилар. Эндиликда қарорга кўра, ушбу фаолият алоҳида муассаса томонидан мунтазам ва тизимли тарзда амалга оширилади.

 

“Мадад” ҳудудларда ҳам фаолият юритадими?

Эътиборли жиҳати муассаса нафақат марказда, балки республикамизнинг 14 та ҳудудидаги бўлинмалари, шу билан бирга, туман (шаҳар)ларда фаолияти йўлга қўйиладиган ҳуқуқий маслаҳат бюролари орқали ҳам хизмат кўрсатади.

 

“Мадад”нинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Шу ўринда “Мадад”нинг асосий вазифалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак.

Биринчидан, муассаса фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича онлайн маслаҳатлар ва тушунтириш­лар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатади;

иккинчидан, кўнгиллиларни, ­яъни волонтёрларни жалб этган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб боради;

учинчидан, фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб боради. Таҳлил натижаси бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

тўртинчидан, аҳолининг ҳуқу­қий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини ­амалиётга татбиқ этади;

бешинчидан, “Advice.uz” ­(e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталини мунтазам равишда юритади ва янгилаб боради.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг 25 апрель куни Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ­элчихонаси билан ҳамкорликдаги лойиҳаси — “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилган эди. Мазкур портал Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганлар ҳам онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари имкониятини яратди.

Сайтга жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган асосий ҳуқуқий масалалар бўйича 1000 дан ортиқ контентлар жойлаштирилган.

Сайт мундарижасини тузишда ўтказилган ижтимоий сўровлар, тадқиқотлар ва кузатувлар натижаларига таянилди.

Контентларнинг мазмуни аниқ ва мақсадли, тили содда ва тушунарли, сайтга фойдаланувчилар учун қулай шаклда жойлаштирилган.

Сайтдаги маълумотлар ўзбек ва рус тилларида берилган. Шунинг­дек, сайтда махсус “Чет элликларга эслатма” бўлими мавжуд бўлиб, ушбу бўлим орқали чет эл фуқаролари Ўзбекистонга келиш, кетиш, бўлиш, яшаш тартиби ҳақидаги ҳуқуқий маълумотлар билан араб, хитой, рус, инглиз, испан, француз тилларида танишиш мумкин.

Яна бир афзаллиги. Сайт фойдаланувчилари онлайн режимда савол бериб, жавоб олишлари мумкин бўлган онлайн мулоқот тизими йўлга қўйилган.

Мазкур тизим орқали ҳозирги кунга қадар 5 мингга яқин фойдаланувчидан 10 мингдан ортиқ ҳуқуқий саволлар берилган. Бундан ташқари, тизимнинг оффлайн мулоқот саҳифаси орқали 1802 та ҳуқуқий савол келиб тушган.

Саволларнинг 36 фоизи (ишга жойлашиш, меҳнат таътиллари, ишдан бўшаш, жамоа шартномалари ва ҳ.к) меҳнат муносабатларига ­тааллуқли. Бундан ташқари, 28 фоиз саволлар ижтимоий таъминот (пенсия, нафақа, моддий ёрдам ва ҳ.к)га таалуқли. Таълим (18 фоиз), уй-жой (12 фоиз) соҳасидаги саволларнинг улуши ҳам каттагина. Қолган йўналишларда келиб тушган саволлар умумий саволлар ҳажмининг 6 фоизини ташкил этади.

Ҳозирда онлайн-мулоқот тизимини модернизация қилиш масаласида иш олиб борилмоқда.

Модернизациядан кейин мурожаат этувчиларнинг жинси, ­ёши, ҳудуди каби муҳим стратегик йўналиш­ларда ҳам статистикани шакллантириш имкони бўлади.

Рақамлар нима дейди?..

Бугунги кунда “Advice.uz” ­(e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталидан 40 мингдан ортиқ фуқаролар фойдаланишган. Уларнинг 1400 нафардан ортиғи чет эл фуқароларидир.

Бир сўз билан айтганда...

Демак, ушбу эзгу ишларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Мадад” муассасаси фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда уларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ­ошириш, асосийси, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатишда ўз номига мос равишда кўмакчи, таянч манба бўлиб хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқий мадад — ҳақиқий кўмакчингиз бўлади!

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими