Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сўраганлар учун! (2019 йил, 34-35 сон)

04.09.2019

ТАҲРИРИЯТИМИЗГА муштарийлар томонидан бола парвариши таътили, нафақа пули олиш тартиби, бунинг учун қаерга мурожаат қилиш кераклиги борасида кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Ушбу саволларни умумлаштириб, мазкур сонда ­уларнинг айримларига мутахассис жавобларини эълон қиламиз.

Бола пули кимларга берилади?

Ишлаётган оналар учун:

Бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун ҳар ойлик нафақа;

Фарзандликка ёки васийликка олинган бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаётган шахсларга, яъни онага, отага, фарзандликка олган шахсга, васийга ёки бошқа қариндошларга тайинланади ва тўланади.

Кам таъминланган оилалар учун:

Бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Қуйидагилар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). ота-­оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

ёлғиз пенсионерлар.

Қаерга мурожаат қилиш керак?

Ишлаётган оналар:

Ишлаётган (ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган, хизматни ўтаётган) оналарга (она ўрнини босувчи шахсларга) болани парвариш қилиш бўйича нафақа иш (ўқиш, хизмат) жойидан тайинланади. Нафақа тайинлаш учун асос бўлиб корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг қарори ҳисобланади.

Кам таъминланган оилалар:

Бола парвариши бўйича нафақа — боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси, ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Ишлаётган оналар:

Болани парвариш қилиш бўйича нафақа тайинлаш ҳақидаги ариза;

Бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

Боланинг онаси ўрнига болани парвариш қилиш бўйича нафақани олувчи шахслар қўшимча равишда онанинг йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат — бола (болалар) онаси ўлими тўғрисидаги гувоҳнома, онанинг оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги ҳақида суд органлари берган маълумотнома ёки боланинг (болаларнинг) онаси болани парвариш қилиш бўйича нафақани олиш имконияти йўқлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этадилар.

Кам таъминланган оилалар:

Бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси номига берилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

Оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;

болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун — болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;

агар болалар васийликка олинган бўлса — васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.

Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳти­ёж­мандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Нафақалар қайтариб олиниши мумкинми?

Ишлаётган оналар:

Болани парвариш қилиш бўйича нафақа била туриб нотўғри ёки қалбаки (сохта) ҳужжатлар бўйича олинганлиги аниқланган ҳолларда, бундай ҳужжатларни тақдим қилган шахслар жавобгарликка тортиладилар, ортиқча тўланган суммалар белгиланган тартибда ундириб олинади.

Болани парвариш қилиш бўйича нафақа тўлови бекор қилинишига олиб келувчи ҳолатлар ҳақида ўз вақтида хабар берилмаганда, тўловни амалга ошираётган органнинг қарори бўйича ортиқча тўланган суммалар белгиланган тартибда нафақа олган шахсдан ундирилади.

Кам таъминланган оилалар учун:

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оиланинг ушбу тўловларга эҳтиёжмандлиги йўқлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланганда;

Фуқаролар йиғинининг (Комиссиянинг) тегишли тўловларни тайинлаш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатган бузилган ва ишончсиз маълумотлар аниқланган ҳолларда тўхтатилади. Ушбу ҳолатда асоссиз тўланган маблағ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли ҳисоб рақамига қайтарилиши керак.

Мирзаахрор ҲАСАНОВ,

Бешариқ туман прокурори ёрдамчиси