Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Олис ўлкадаги ўзимизнинг сиҳатгоҳ (2019 йил, 34-35 сон)

04.09.2019

КАВКАЗ ортида жойлашган Кисловодск шаҳрини том маънода саломатлик қўрғони, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу мўъжизавий ўлканинг, танга роҳат бағишловчи кислородга бой ҳавоси инсон саломатлиги учун кони фойда. Айниқса, бу фусункор мўъжаз шаҳарчада манзарали дарахтлар жуда кўп. Уларнинг ҳар бири киши кайфиятини кўтариб дилга ором бағишлайди. Ер остидан сизиб чиқадиган нарзан суви эса минг дардга даво. Унинг таркибида фойдали элементлар жуда кўп. Айнан бу ўлкада республикамизга қарашли бўлган “Ўзбекистон” сиҳатгоҳининг борлиги ҳар бир ватандошимиз қалбига ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ушбу сиҳатгоҳ Кисловодск шаҳридаги майдони икки минг гектардан иборат, сўлим, баҳаво арчазор, ноёб дарахтлардан ташкил топган истироҳат боғи ичида жойлашган. Сиҳатгоҳ жойлашган гўшанинг бетак­рор чиройга эга табиати, танга роҳат бағишловчи ҳавоси ­юрак-қон томири, асаб касалликлари, қандли диабетга чалинган беморларни дори-дармонсиз даволаш хусусиятига эга. “Ўзбекистон” сиҳатгоҳида ҳар йили ўн минглаб инсонлар саломатлигини тиклаб қайтади. Унинг ташкил топганлигига қарийб тўқсон йил бўлаяпти. Кавказ орти ўлкасидаги ушбу сиҳатгоҳда мамлакатимиз аҳолиси яхши дам олиб, дардига шифо топиши учун барча қулайликлар яратилган.

— Бу ўлкада “Ўзбекистон” сиҳатгоҳининг фаолият кўрсатиши юртдошларимиз учун катта фахр ва имтиёз ҳамдир, — дейди “Ўзбекистон” сиҳатгоҳи директори Аббосхон ­Алимов. — Тўғри, ўтган йиллар мобайнида дам олувчилар учун имкон қадар шароит яратиб келинган. Шундай бўлса-да, замоннинг шиддат билан ўзгариши, хусусан, одамлар онги, техника тараққиёти, цивилизация масалалари олдингига нисбатан анча фарқ қилади. Шу туфайли ҳам жорий йилнинг бошидан бери Ўзбекистон хукуматининг ёрдами билан си­ҳатгоҳда қури­лиш-таъмирлаш, ободонлашти­риш ишлари ­амал­га оширилмоқда. Хусусан, қарийб йигирма йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётгани боис канализация тармоғи ­эскириб, хоналар безаги ҳам таъмирталаб бўлиб қолганлиги ҳисобга олиниб, бинолар тубдан таъмирланиб, янгиланмоқда. Масалан, барча хоналарга янги замонавий телевизорлар қўйилиб, турк андозаси асосида қурилган чўмилиш ҳавзаси, минг дардга даво бўлган ҳаммом, кедро дарахтидан ­ясалган махсус душлар сиҳатгоҳ нуфузини ошириши баробарида, дам олувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда. Муҳими, замон талабига хос ва мос шароитлар натижасида мижозлар сони кў­паймоқда.

— Мен бир неча йиллардан буён “Ўзбекистон” сиҳатгоҳига келиб, ўз саломатлигимни тиклаб қайтаман, — дейди сурхондарёлик олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Раҳмон Муҳаммадиев. — Ушбу ўлка инсон саломатлиги учун кони фойда. Бу ернинг ҳавосидан нафас олган кишининг, авваламбор, ўпкаси тоза ҳаво ва кислородга тўйиниб, қони тозаланади. Қолаверса, хуштабиат, кислородга бой бўлган сиҳатгоҳда асаб тизими яхшиланади. Мамнуният билан айтмоқчиманки, “Ўзбекистон” сиҳатгоҳида дам олувчиларнинг ҳордиқ чиқариши, уларнинг кўнгилдагидек даволаниши учун жуда катта ўзгаришлар қилинибди. Бошқача айтганда, унинг кечаги куни билан бугунги кўриниши орасида катта фарқ бор.

— “Ўзбекисон” сиҳатгоҳида атиги бир йил ичида катта ўзгариш қилинганлигини кўриб, жуда хурсанд бўлдим, — дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер ­эгалари кенгаши ҳузуридаги “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” унитар корхонаси директори Фахриддин Фазлиев. Илгари ҳам дам олиб даволаниш учун бир қатор қулайлик­лар бор эди. Лекин дам олиш хоналаридаги коммуникация технологиялари, санузеллар жуда эскирганди. Бу йил барча корпусдаги хоналар капитал таъмирдан чиқарилибди, замонавий талабга жавоб берадиган коммуникация ускуналари ўрнатилибди. Шубҳасиз, бу ­ишлар мамлакатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган ғамхўрлиги нишонасидир.

— Ёшим саксон бешда, бир умр ёшлар тарбияси билан шуғулланганман, — дейди бир неча йил Нукус давлат университети ректори вазифасида ­ишлаган, профессор Жуманазар Бозоров. — Ер остидан сизиб чиқадиган нарзан сувидан таътиб кўриб, анча тетиклашдим. Ёшим бир жойга боргани учун юришим қийинлашганди. Шу ерга келиб куч олиб, ёшардим. Сиҳатгоҳда барча шарт-шароитлар муҳайё ­этилган. Дам ­олиш, даволаниш ­учун кенг имкониятлар яратилган. Хурсанд бўлганим, кўпгина чет элнинг тиббий даволовчи ­ускуналари қўйилибди. Бундан ҳамма хурсанд. Сиҳатгоҳда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган экан. Энг муҳими, сиҳатгоҳ ходимлари жуда ширинсўз, бошқача айтганда, ўзбекона муомала маданияти ҳукмрон бу гўшада.

— Мен биринчи маротаба бу мўъжизавий диёрга келишим, — дейди Ўзбекистон Респуб­ликаси давлат солиқ қўмитасининг ходими Файзулло Аҳмедов. — Кисловодскда Ўзбекис­тоннинг ўз сиҳатгоҳи борлиги мени ғурурлантириб ­юборди. Бу ўлканинг афсонавий табиати, мўътадил ҳавоси ҳар қандай кишини лол қолдириб, ­ўзига мафтун қилади. Шундан бўлса керак, бу ернинг ҳавоси, шифобахш суви мени даволади. Ҳеч қандай дори-дармонсиз тетиклашдим. Кавказ орти ўлкасидаги Домбай, Архыз, Медовый водопад каби сайёҳлик комплексларига қилган саёҳатим бир умр эсимда қоладиган бўлди. Энди йил мобайнида соғлиғимдан шикоят қилмай ­яшайман. Ана шундай жаннатмакон ўлкада ўзбекистонлик­ларнинг сиҳатгоҳи бўлиши ҳар бир ватандошимиз учун катта шарафдир.

Ойниса Мусурмонова,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети кафедра мудири:

— Ҳар йили 21 кун айнан шу сиҳатгоҳда дам олиб кетаман ва ўн бир ой соғлом, тетик юраман. Бу ўлканинг минг дардга даво дарахтлари ҳамда арчазорларидан чиққан кислород одамнинг барча дардини олади. ­Унинг жазирама иссиқ фаслда, айнан саратон ва ­асад ойларида ҳам мўътадил ҳавоси, кунора ёққан давобахш ёмғири кишига роҳат бағишлайди. Бу ерга келган дам олувчиларнинг миллати ва ирқидан қатъи назар, хушмуомала кишиларнинг бир-бирига бўлган муносабатини кўриб, инсонийликнинг энг юксак намунаси шу ерда томир отгандек туюлади.

Ҳа, бугун “Ўзбекистон” сиҳатгоҳида дам олаётган кишиларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, уларнинг барчаси бу жаннатмакон ўлкада даволанганларидан мамнун. Ҳаммадан ҳам бу ерда олиб борилаётган туб ўзгаришлар ватандошимизнинг фахри ва ғуруридан далолатдир.

 

Азим ҚОДИРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири