Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Узум етказиб бериш ривожлантирилади

28.08.2019

Миллий матбуот марказида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан “2019 йилда янги токзорлар барпо этаётган ташаббускорларга ажратилаётган субсидиялар натижадорлиги ва жорий йил узумларни йиғим-терим мавсумига қайта ишлаш корхоналари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

2019 йил январ ҳолати бўйича қишлоқ хўжалик корхоналари тасарруфидаги узум майдонлари жами 82 540 гектарни ташкил қилиб, шундан 65 971 гектари ҳосилга кирган. Турлари бўйича хўраки 37 785, кишмишбоп 30 640, винобоп нави 14 116 гектарларда етиштирилмоқда.

Республикамизда 45 хил турдаги узум навлари бўлиб, шулардан ота-боболаримиз томонидан экилган навларидан “қора жанжал”, “Андижон қора узуми”, “Паркент”, “Қора ва оқ кишмиш” навлари ҳали ҳам ўз ўрнини йўқотмаганлигини таъкидлаш мумкин. Республикамизда маҳаллий навлардан ташқари Франция, Италия, Германия, Грузия, ва бошқа давлатлардан индукция қилинган Каберне, Совиньон, Моратель, Хиндогни, Ркацители, Рислинг, Мускат, Розовый, Мускат Венгериский, Алеатико каби юқори сифатли вино, вино матариаллар ва шампан винолари тайёрлаш имконини берувчи узум навлари экилмоқда.

Жорий йилда республика ҳудудида 141 та ташаббускорлар томонидан янги токзорлар барпо этиш, артезан қудуқларни ўрнатиш учун 27,7 миллиард сўм ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш тадбирларига 66,7 миллиард субсидия маблағлари ажратилиши режалаштирилди. 2019 йил узум мавсумида 160,0 минг тонна узум хом ашёси қайта ишланиши кутилмоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича амалга ошириладигани дастурга асосан 2019 йилда 1,51 миллион долларлик 3 та лойиҳалар, жумладан:

- 3 та корхонада узумни қайта ишловчи қувватларни модернизация қилиш;

- 2019 йилда халқаро стандартларга мувофиқ бўлган алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида қўшимча 4 та корхонада ИСО 9001 ва ИСО 22000 сифат тизимлари жорий этилиши кўзда тутилган.

 

Латофат ЮСУБОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири