Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Мен ғолиб” шиори остида ўтказилган мусобақада “Энг илғор артиллериячилар” аниқланди

28.08.2019

“Каттақўрғон” дала-ўқув майдонида артиллерия қўшинлари мутахассислари ўртасида «Мен ғолиб» шиори остида «Энг илғор артиллерия мутахассиси» танловининг республика босқичи ўтказилди.

Танловнинг тантанали очилиш маросимида ҳарбий оркестрнинг концерт дастури, бадиий-мусиқий чиқишлар, қўл жанги гуруҳининг кўргазмали намойиши барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Унда сўзга чиққанлар миллий армия қудратини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг билим ва маҳоратини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Жамоа раҳбарлари ўртасида қуръа ташлангандан сўнг, мусобақа шартларига старт берилди. Танловда «Ҳисобчи», «Айғоқчи», «Топобоғловчи», «Орудиячи» ва «Миномётчи» йўналишлари бўйича мусобақалар муросасиз ва қизғин тус олди. Барча ҳарбий округлардан йиғилган қатнашчилар дастлаб оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш учун умумқўшин ҳимоя кийимини қисқа фурсатда кийиш-ечиш меъёрларини бажарди. Кейинги босқичда оптик разведка, топогеодезик бўлинмалари ва ҳисобчилар махсус тайёргарлик машқлари бўйича беллашди. Окопда турган ҳолда, 2 та қўл гранатасини улоқтиришда қарама-қарши эсаётган шамол ҳалал берган бўлса-да, танлов иштирокчилари отиш тайёргарлиги бўйича автоматни йиғиш-ёйиш меъёрларини муваффақиятли уддалади.

Шаҳду шиддат билан ўтган танлов якунида яккалик ва жамоавий ҳисобда ғолиблар аниқланди. Жумладан, яккалик баҳслар бўйича «Ҳисобчи» йўналишида 1-ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар С.Нарзиев (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ)га насиб этди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар А.Мамажонов (Марказий ҳарбий округ) «Айғоқчи», сержант У.Икромов (Марказий ҳарбий округ) «Топобоғловчи» йўналишида 1-ўринни эгаллади.

Жамоавий ўринларнинг «Орудия» йўналишида Марказий ҳарбий округ жамоаси 1-ўринга сазовор бўлди. Шарқий ҳарбий округ ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ вакиллари кучли учликдан жой олди. «Миномётчи» йўналишида 1-ўринни Шарқий ҳарбий округ жамоаси эгаллаган бўлса, 2- ва 3-ўринларни Марказий ҳарбий округ ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ вакиллари банд этди.

Умумий ҳисобда ҳарбий округлар ўртасида 1-ўрин Марказий ҳарбий округ (3 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медал)га насиб этди. Жами 4 медал жамғарган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ (1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медал) 2-ўринга муносиб кўрилди. Шарқий ҳарбий округ (1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медал) жамоаси эса учта медал билан кучли учликни тўлдирди.

Танлов якунида ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти