Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”

27.08.2019

Ички ишлар вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ижроси ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида Вазирлик бош бошқармаси ва масъул ходимлари ҳамда мамлакатимиз ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Президентимизнинг 2019 йил 8 июлдаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган шиор остида эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот дастури асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, шаҳар ва туманларда кенг миқёсда нишонланиши белгиланди.

Байрам дастурида белгиланган барча тадбирлар давомида хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимлари томонидан бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, ҳудудий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларни ташкил этиш, тезкор-профилактик тадбирларни амалга ошириш юзасидан Ички ишлар вазирлигининг алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.  Ҳудудий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган дастурларга асосан жорий йилда республика бўйича 231 та жойларда мустақиллик байрамининг асосий тантаналари ўтказилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг деярли барча боғлари, ҳиёбонлари ва сайлгоҳларида халқ сайллари бўлиб ўтади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар билан ҳамкорликда, байрам тадбирлари билан боғлиқ барча объектларнинг техник, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария ҳолати ўрганиб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган объектларда оммавий байрам тадбирлари ўтказилишига йўл қўймаслик алоҳида назоратга олинган. Тадбир ўтказиладиган барча объектлар тадбирлар бошланишидан олдин ички ишлар вазирлигининг махсус гуруҳлари томонидан қайтадан ўрганиб, чиқилиб, объектлар қўриқлашга олинади. Байрам кунлари тадбир билан боғлиқ барча жойларга ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматларининг ходимлари хизматга жалб этилади.

Маҳаллаларда, мавзеларда жамоат тартибини сақлаш, осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб берилишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча минтақаларида мавжуд марказий ички ишлар органлари таянч пунктларининг кечаю-кундуз фаолият олиб боришини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Жорий йилда байрам арафасида республикамизда 100 дан ортиқ объектлар фойдаланишга топширилмоқда.  Бундай жойларда ҳам хавфсизликни таъминлаш ишлари ички ишлар органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

 

Латофат ЮСУБОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири