Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сайёр қабул: ҳар бир муаммо жойида ҳал этилгани яхши (2019 йил, 32 сон)

14.08.2019

Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан мурожаатларни жойига чиққан ҳолда, сайёр қабуллар орқали қабул қилиш амалиёти кенг йўлга қўйилган.

Жумладан, ўтган даврда сайёр қабулларда 1301 та муро­жаат қабул қилиниб, уларнинг 852 таси қаноатлантирилди.

Жорий йилнинг 6-8 август кунлари жойларда аҳолини қийнаб келаётган ҳамда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни тезкор ҳал этиш мақсадида Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиевнинг Тошкент вилоятининг Бекобод, Қуйичирчиқ, Бўстонлиқ туманларида сайёр қабуллари бўлиб ўтди.

Сайёр қабулларда 450 га яқин фуқаро иштирок этиб, улардан жами 275 та мурожаат келиб тушди.

Келиб тушган мурожаатларнинг 145 таси шу қабул кунининг ўзида қаноатлантирилди.

Шунингдек, қабуллар жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий ва маънавий кўмак берилди.

Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя” нодавлат нотижорат ташкилоти маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 15 нафар шахсга ногиронлик аравачаси, 12 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 4 нафар фуқарога тикув машинаси, 3 нафар фуқарога икки миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратилди.

Бундан ташқари, 30 нафар фуқарога касаллиги бўйича тиббиёт муассасаларида имтиёзли асосларда даволаниш учун ордер, 15 нафарига республиканинг турли сиҳатгоҳида муолажа олиш учун йўлланма берилиб, 38 нафар шахснинг касби ва мутахассислиги бўйича ташкилот ва корхоналарга ишга жойлашиши юзасидан тегишли буйруқлар қабул қилинди.

Шулар билан бирга 43 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган иморати тегишли комиссиялар томонидан кўриб чиқилган бўлишига қарамай, туман ҳокимининг қарори йўқ эди. Шу куннинг ўзида туман ҳокимларининг тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қарорлари чиқарилди.

Қабуллар жараёнида бир гуруҳ фуқароларнинг қурилган уй-жойи бузилганлигидан норозилиги ҳамда товон пули масаласи ҳал ­этилмай келинаётганлиги хусусидаги мурожаати Адлия вазирлиги ва вилоят адлия бошқармаси масъуллари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Уч кун мобайнида ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган 129 та мурожаатнинг қўшимча ўрганилишига келишилиши муносабати билан тегишли масъуллар бириктирилиб, мурожаатлар ижроси назоратга олинди.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими