Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

АрМИ – 2019: Чин ҳарбийликнинг олий синови (2019 йил, 31 сон)

10.08.2019

ЎТГАН ҳафтанинг охирида “Фориш” тоғ полигонида V Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Жорий йилги “АрМИ–2019” мусобақалари рекорд даражадаги иштирокчиларни – 36 давлатдан 217 та жамоанинг 5 мингдан зиёд ҳарбийларини ўз ичига қам­раб олди. Дебютант мам­лакатлар сифатида бу гал майдонларда Иордания, Камбоджа, Конго ва Мали республикалари, Куба ва Шри-Ланкадан келган ҳарбийлар куч синашади.

— Халқаро армия ўйинлари турли давлатлар Қуролли Кучларининг бўлинма ва жамоалари ўртасида спортнинг ҳарбий-амалий турлари бўйича ўтказилаётган комплекс мусобақа ҳисобланади, — дейди Мудофаа вазирлиги ахборот ва коммуникациялар департаменти бўлими бошлиғи майор Аҳрор Очилов. — Ўйинларнинг асосий мақсади давлатлар ўртасида халқаро ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ишончли муносабатларни ривожлантиришдан иборат. Қолаверса, касбий маҳоратни такомиллаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий хизмат нуфузини ­ошириш ҳам кўзда тутилган. Қарийб 10 000 гектардан иборат бўлган полигон ҳудудида пухта тайёргарлик кўрилди. Спорт заллари, стадион, бассейн, ошхона, ётоқхона, меҳмонхоналар шай ҳолатга келтирилди.

Ҳарбий-тиббий эстафета индивидуал маҳорат ва жамоа биринчилиги бос­қичларида олиб борилаяпти. Мусобақада Қуролли Кучларнинг қўшинлари бўғинида 40 ёшдан катта бўлмаган,  6 ойдан кам бўлмаган муддат давомида тиббиёт лавозимларида хизмат ўтаётган контракт асосидаги ҳарбий хизматчилар орасидан ҳарбий шифокорлар ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ҳамда ҳарбий-тиббиёт билим юрт­ларининг курсантлари иштирок этаяпти. 

— Мен Самарқанднинг гавҳари — Регистоннинг суратларини интернет тармоқлари орқали кўп маротаба кўрганман, — дейди Ангола Республикаси вакили кичик сержант Алберто ­Авелино. — Менга бу эртакнамо шаҳар ниҳоятда ёқди. Тарихий обидалар қаршисида кўплаб суратларга тушдим. Ватанингизга келганимдан мамнунман.

V Халқаро Армия ўйинларини 10 та давлат ҳудудида ўтказиш режалаштирилган. Унда 32 та йўналиш бўйича 85 давлатдан келган 6 мингдан ортиқ иштирокчилар қатнашади. Юртимиз ҳарбийлари мусобақанинг “Танк биатлони”, “Мерганлик марраси”, “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Рембат”, “Содиқ дўст”, “Дала ошхонаси”, “Хавфсиз маршрут”, “Йўл патрули”, “Артиллерия отиш устаси”, “Қуролсиз уста”, “Ҳарбий ралли”, “Мусаффо осмон”, “Эльбрус халқаси”, “Ҳарбий-тиббий эстафета” каби 14 та йўналиш бўйича иштирок этади. Шу мақсадда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинларининг Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган мусобақаларида иштирок этиш учун белгиланган манзилга етиб бориб, ҳар ким ўз жамоасидаги вазифаларни бажаришга  бел боғлаган.

Бизга спортчиларимиз эришган ­ютуқлардан ғурур­ланиш ҳисси жуда таниш. Ҳамюртларимизни жа­ҳон шоҳ­супасининг олий ўринларида кўриш жуда ёқимли. Умид қиламизки, ҳарбийларимиз юксак марраларни забт этади.  

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади.