Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Судьялар олий мактаби бу ҳақда нималарни биласиз? (2019 йил, 31 сон)

08.08.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2019 йил 6 январдаги ­“Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори суд-ҳуқуқ соҳасида кадрлар тайёрлаш ва судьялик корпусини шакллантиришдаги қатор муаммолар ечими сари қўйилган муҳим қадам бўлди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда ­судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида Судья­лар олий кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилади. Бўлғуси судьяларни ўқитиш грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ташкил этилади. Тайёрлаш курсларига қабул қилинган судьялик лавозимига номзодлар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади. Курс тингловчилари ­судья ёрдамчисининг бир ойлик миқдоридаги стипендия билан таъминланади. Судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат бундай курсларда ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади. Ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини ­эгаллашни рад этганлар бутун ўқиш даврида олинган стипендия суммасини давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб беради. Судьяларни дастлабки муддатга тайинлашнинг амалдаги тартиби 2019-2020 ўқув йили тугагунга қадар сақлаб қолинади.

Шунингдек, ушбу Қарорга мувофиқ, Судь­ялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси сифатида Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Судьялар олий мактаби судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ­амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Қарорга кўра, Судьялар олий мактабига Судьялар олий кенга­ши раисининг тақдимномасига асосан Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан ­озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Профессор-ўқитувчилар тар­кибига Олий суд судьялари учун, Олий мактабнинг бошқа ходимларига Олий суд аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилиши назарда тутилган.

­Судь­ялар олий кенгаши ва Олий суд зиммасига қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифаларни бажариш билан бир қаторда қуйидаги устувор масалаларда Олий мактабни ҳар томонлама ривожлантиришга кўмаклашиш юкланди. Жумладан:

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларини (дастурларини) ишлаб чиқиш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш;

Олий мактаб тингловчилари стажировка ўташи учун зарур шароитларни яратиш;

илмий ишланмалар натижаларини қонун ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши билимли, суд ишини тўлақонли бошқара оладиган, янгича фикрлайдиган, ­адолатли қарор қабул қилишга қодир бўлган маҳорат соҳибларидан иборат кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

 

Акмал МИРЗАХОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси