Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Танк биатлони”да умумжамоа ҳисоби бўйича ҳамон биринчимиз

07.08.2019

Бешинчи халқаро армия ўйинларининг диққат марказида турган “Танк биатлони” мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Кеча, 6 август куни иккинчи экипаж аъзолари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Мазкур босқичда ҳам Т-72 Б-3 танкини бошқариш, тўсиқлардан ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди. Бу гал юртимиз шарафини катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аъзолари муносиб ҳимоя қилишди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар тарихда илк бор “Танк биатлони” мусобақасида иштирок этмоқда. Шунга қарамай йигитларимиз бор куч-ғайрати, шижоати, билим ва тажрибасини сафарбар этиб, жаҳон аренасида ўз сўзини айтишга интилмоқда.

 

Бугунги баҳсда  вакилларимиз олдинги жамоамизга нисбатан анча яхши натижа кўрсатди. Сарфланган вақт ва йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш, тўсиқларни запт этиш борасидаги натижаларимиз таҳсинга лойиқ. Умумий ҳисобда экипаж механик ҳайдовчиси кичик сержант Авазбек Мустафоқулов Т-72 Б-3 танкини 73 км/соат тезлик билан ҳар бир тўсиқдан беталофат олиб ўтиб, томошабинлар эътиборига сазовар бўлди.

Шундай қилиб катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аввалги экипажга нисбатан 1.30 дақиқа тезироқ фарқ билан финиш чизиғига етиб келди.  Қувонарлиси ушбу беллашувда ҳам юртдошларимиз умумжамоа ҳисобида ҳамон биринчиликни қўлдан бой бергани йўқ.

 

– Мусобақада тезлик жамоа ғалабаси учун энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади ва бу тезликни назорат қилиш, тўсиқларга яқинлашган пайт ундан тўғри мақсадда фойдалана олиш ўта масъулиятли иш, – дейди экипаж механик ҳайдовчиси кичик сержант Авазбек Мустафоқулов. – “Танк биатлони” жамоавий мусобақа бўлгани боис унда жипслик, бирдамлик ва аҳиллик муҳим аҳамиятга эга. Мен ишонаман; мана шу нарсаларнинг барчаси бизнинг жамоамизда бор.

Эслатиб ўтамиз, “Танк биатлони” мусобақасининг иккинчи гуруҳида жами 11 та жамоа иштирок этмоқда. Вакилларимиз иштирокидаги кейинги баҳслар 8 август куни бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти