Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Жаслиқ”даги колония тугатилди

05.08.2019

Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда таъминлаш йўлида кенг-кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бу каби халқчил сиёсат ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган жараёнлар ҳуқуқ-тартибот, хусусан жазони ижро этиш тизимига ҳам бевосита алоқадор, албатта.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2019 йил 2 август куни имзоланган “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги Қарор эса бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

— Мазкур қарорга асосан ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар суд томонидан белгиланган жазони ўташ тартибига риоя этган ҳолда судлангунига қадар яшаган манзилига яқин жойлашган колонияларга кўчирилади. Бу эса уларнинг оила аъзолари ва яқинлари мушкулини осонлаштириб, маблағи ва вақтини тежаш имконини яратади. Негаки, фаолияти тугатилган ушбу колония Нукус шаҳридан 300 километр, Қўнғирот тумани марказидан 180 километр узоқликдаги Жаслиқ қўрғонида жойлашган бўлиб, маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошлари учун ҳам бир қатор ноқулайликларни туғдираётган эди дейди – Ички ишлар вазири ўринбосари Бахромбек АДИЛОВ.

Ушбу тарихий қарор озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантириш, ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро ареналарда ижобий мавқеини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Албатта, бу каби халқчил сиёсат бугун бошланган эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилда қабул қилинган “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ана шундай устувор вазифаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлган эди.

Шунингдек, маҳкумлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва жазони ўташ шароитларини янада яхшилаш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, “2018-2022 йилларда жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга нисбатан қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш,  яшаш саҳнлари ва ишлаб чиқариш ҳудудларида тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, турли кўринишдаги тартиббузарликлар содир этилишининг олдини олиш, ходимлар томонидан маҳкумлар билан бўладиган ўзаро муносабатларда белгиланган қонун талабларидан четга чиқиш ҳолатлари содир этилишига қарши курашиш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида колониялар ҳудуди жами 2648 та замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланди. Тергов жараёни ва сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча тергов ҳибсхоналарида алоҳида терговчилар хонаси ташкил этилиб, замонавий, овоз ёзиш имкониятига эга бўлган 71 та видеокамера ўрнатилди.

Шунингдек, бугунги кун ҳолатига жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхоналарида барча зарур шарт-шароитларга эга 69 та алоҳида адвокатлар хонаси ташкил этилган.

Бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам тизимли равишда давом эттирилиб, маҳкумлар ҳуқуқлари доирасини умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда янада кенгайтиришга қаратилган

Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг 3 та Қонуни ва Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг тиббий ва ижтимоий ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ўзгартиш ва 15 га яқин қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.

Жумладан:

  • - манзил-колонияларида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларнинг пенсия олиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • - юқумли касалликка чалинган маҳкумларни сақлаш ва уларга тиббий хизмат кўрсатишнинг янгича тизими жорий этилиши;
  • - тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга суднинг қонуний ҳукми кучга киргандан сўнг жазони ўташ учун жўнатиладиган вақт ичида қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш ва телефон орқали сўзлашиш, ўзининг аҳволи ҳақида хабар бериш имконияти яратилишини;
  • - овқатланишдан бош тортаётган маҳкумларнинг соғлиғи тиббий назоратга олиниши;
  • - манзил-колонияларида жазони ўтаётган ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарга республика бюджети ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари учун маблағ ажратилиши;
  • - стационар даволанишда бўлган маҳкумларга қариндошлари ёки бошқа шахслар билан шифокор рухсати билан учрашиш ҳуқуқи берилиши;
  • - маҳкумларнинг учрашувлари, телефон сўзлашувлари, оладиган посилка, йўқлов ва бандеролларининг сони оширилиши;
  • - меҳнатга жалб қилинган маҳкумларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш миқдорларини қонунчиликда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши;
  • - муддатидан илгари шартли озод қилиш, шунингдек жазони енгилроғи билан алмаштириш рад этилган маҳкумлар меҳнатга виждонан муносабатда бўлган ва ўрнатилган режимга риоя қилган тақдирда, ушбу масаланинг қисқа муддатларда қайта кўриб чиқилишини таъминлаш назарда тутилган.

Тадбир сўнгида ички ишлар ходимлари ўзларининг ваколат доирасида ОАВ вакиллари саволларига атрофлича жавоб беришди. 

 

Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири