Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Қурол тўғрисида”ги қонунга оид саволларга жавоб берилди

04.08.2019

Пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдаги янгиликлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда ҳафта мобайнида қабул қилинган ўнга яқин қонунчилик ҳужжати ҳақида маълумот берилди. 



Жумладан, “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди. Мутахассислар қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад амалдаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг тўлиқ ва мукаммал эмаслиги, ягона механизм йўқлиги ва шу сабабли вужудга келаётган кўплаб ҳуқуқий англашилмовчиликлар ўрнини тўлдириш эканлигини қайд этди. Жумладан, қурол ва ўқ-дори каби тушунчаларнинг қонунчиликда акс эттирилмагани мавжуд турли қуролларга эга бўлиш, уларни олиб юриш ва сақлаш ҳолатларига тўғри ҳуқуқий баҳо беришда қийинчиликларни юзага келтираётганди. 

Тадбирда маълумот берилишича, қонунга кўра қуролнинг фуқаровий қурол, хизмат қуроли, жанговар қурол каби турларига ажралган, улар бир-биридан фарқланди. Фуқаровий қурол жумласига ов, спорт ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари киради. Ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар; электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар киради. 

Миллий гвардия органлари томонидан бериладиган 3 ойлик рухсатномалар асосида фуқаровий ва хизмат қуроли олиниши мумкин. Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қонунда белгиланган бир қатор ҳужжатларни тақдим этиши шарт. 

– Қонунни бузганлик яъни қуролни сақлаш, ноқонуний эгалик қилиш каби ҳолатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими бош инспектори Алишер Мусаев. – Бугунги кунга қадар қонунчиликда фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қурол олиш тартиби бўлган. Мазкур “Қурол тўғрисида”ги қонунга кўра фуқароларимиз билан бирга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари ҳам қурол олиши мумкин. Улар ҳам ўз фуқароларимиздек белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин, бу ҳолат халқаро норматив-ҳужжатларга тўлиқ жавоб беради. Қонунга кўра, 18 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий ов қуролини олиш ҳуқуқига эга. Жамоат жойларида, шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда олиб юриш тақиқланади. 

“Қурол тўғрисида”ги қонун 2020 йил 30 январда кучга киради. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбирда шу пайтгача Ўзбекистонда қурол билан боғлиқ қонун қабул қилинмаган, бугунга қадар фуқаролик, хизмат ва жанговар қуролларга тегишли тартиб-қоидалар ўндан зиёд қонун ҳужжатлари асосида бошқарилгани айтиб ўтилди. Эндиликда “Қурол тўғрисида”ги янги қонун билан шу пайтгача мавжуд бўлган барча ҳужжатлар умумлаштирилиб, ягона мажмуа ҳолатига келтирилди.