Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия органларида коррупцияга қарши курашишда янги фаза бошланди

01.08.2019

Жорий йилнинг 31 июль куни Адлия вазирлиги томонидан тизимда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, ушбу йўналишда қабул қилинган идоравий дастур ижросига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Мазкур тадбирда экспертлар, адлия тизими ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш, порахўрлик жиноятини содир этишда гумонланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган шахслар ҳақидаги хабарларни сони ортиб бораётганлиги таъкидланди.

Албатта, айбдор шахслар тегишли жазога тортилиши, бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилиши лозим. Лекин, энг аввало ҳар бир давлат ташкилотининг ўзи тизимидаги ташкилотларда коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ ҳаркатларни амалга ошириши, турли хавф-хатарларни баҳолаши улардаги коррупциявий омилларни минимал даражага тушириши лозим. Адлия вазирлиги томонидан коррупциявий хавф-хатарлар даражаси юқори бўлган қуйидаги функциялар рўйхати ишлаб чиқилди:

  • 1.  Адлия органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилиш.
  • 2. Адлия органлари ходимларини Тошкент шаҳрида доимий пропискага қўйиш.
  • 3. Тадбиркорлик субъектларига ягона давлат реестридан маълумотлар бериш.
  • 4. Марказ ходимларининг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш.
  • 5.  Давлат хизматлари учун тўлов қийматларининг ошкор этилиши.
  • 6.  Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш,  аттестациядан ўтказиш, уларга мартаба даражаларини бериш
  • 7. Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотларни адлия органларига ва муассасаларига берадиган ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун мазкур ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштириш.

8. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш.

9. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш.

10. Давлат хариди предмети ва нархини шакллантириш, харид тўғрисидаги эълон бериш,  иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш.

Адлия вазирлиги ўз тизимида коррупцияга қарши муросасиз кураш эълон қилган. Жумладан, 2019 йил бошида Адлия вазирлигида иккита муҳим дастур қабул қилинди: “Коррупцияга қарши курашиш” ва “Очиқ адлия” дастурлари.

Дастурлар орқали коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчилик ёрдамидан фойдаланиш назарда тутилди. Хусусан, фуқароларга адлия органларида фото, видео ва аудио қайд этишга рухсат берилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ходимлар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш эди. Ўйлаймизки кўзланган мақсадга эришилди.

Шунингдек, тадбирда коррупциявий хавф-хатарлар даражаси юқори бўлган қуйидаги лавозимлар рўйхати тузилганлиги таъкидлаб ўтилди:

  • 1. Нотариал идоралар ходимлари.
  • 2. Давлат хизматлари марказлари ходимлари.
  • 3. Суд экспертлар.
  • 4. Хўжалик ишлари бўлимларида ишловчи ходимлар.
  • 5. Нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ходимлар.
  • 6. Кадрлар билан ишловчи бўлинмалар ходимлари.
  • 7. Вазирлик тизимидаги таълим мусассасалари педагог ходимлари.
  • 8. Юридик хизмат фаолиятини назорат қилувчи бўлинмалар ходимлари.

Маълумки, айрим сабабларга кўра нотариуслик “ёғли” жой ҳисобланади. Шунга кўра, айрим шахслар нотариус бўлиш учун турли ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўришади.

Шу сабабли, танлов жараёнини интернетда онлайн трансляция қилиш бошланди. Бу билан иккита муҳим натижага эришилди. Биринчидан, танлов жараёнининг максимал шаффофлиги таъминлаган бўлса, иккинчидан, нотариус лавозимига нопок шахсларнинг ўтиб қолишини олди олинди.

Коррупцияга қарши курашишда энг муҳим масала тизимда содир бўлаётган ҳар бир ноқонуний ҳаракатдан ўз вақтида хабардор бўлиб боришдир.

Шу сабабли, адлия органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарларни дарҳол ва ўз вақтида етказилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида @antikorbot номли махсус бот яратилди.

Махсус бот орқали шу кунга қадар 2 мингдан ошиқ тезкор хабарлар келиб тушди. Бу хабарларга асосан ўтказилган хизмат текширувлари натижасига кўра тизимда ишлаётган 18 нафар ходим лавозимидан озод этилди.

Жумладан, нотариус ёрдамчиси мижоздан ортиқча пул маблағи олганлиги учун ўша нотариал идорадаги барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Бундан ташқари, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш методикаси тасдиқланиб, вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан ҳар чоракда тизим идоралари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалга оширилиб, коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган функциялар (ваколатлар)нинг ва лавозимларнинг рўйхатини шакллантириб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Бу рўйхатга асосан коррупция хавф-хатари мавжуд лавозимларда ишловчи ходимлар фаолияти қатъий назоратга олинди.

Хусусан, вазирлик тизимида 1 028 та қисқа муддатли текширишлар (рейд тадбирдари) ўтказилиб, 832 та масъулларга тегишли жазо чоралари кўрилган.

Шу билан бирга, 670 та “сирли мижоз” тадбирлари ўтказилиб, реал хизмат олувчи шахс сифатида давлат хизматлари жараёнида қатнашиш орқали хизмат кўрсатишнинг сифати, муддати, шарт-шароити ўрганилиб 221 та масъулларга тегишли жазо чоралари кўрилган.

Бундан ташқари, 5 316 маротаба ходимлар орасида профилактик суҳбатлар ўтказилиб,бунда ходимларни Адлия вазирлиги ходимларининг жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик муқаррарлиги тушунтирилди.

2019 йилнинг ўтган даврида аниқ режа асосида олиб борилган ишлар орқали адлия тизимидаги ҳар бир ходимга муҳим сигнал етказилди. Яъни, ходим ким бўлишидан қаъти назар, унинг ўтмишдаги хизматларига қарамасдан агарда унда ҳалоллик бўлмаса ундан воз кечилади.

Тадбирда айтилишича, вазирлик ўз тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида янги фазани бошлаяпти.

Мазкур фазада Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашиш сиёсати ишлаб чиқилди. Коррупцияга қарши курашиш сиёсати вазирликнинг коррупцияга қарши курашишга қаратилган асосий йўналишлари ва коррупциявий фаолиятга аралашиб қолишга қарши курашиш бўйича фаолиятига антикорруциявий комплаенс тизимини жорий этишга қаратилган.

Мазкур ишларни амалга ошириш орқали адлия органлари ва муассасалари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятидаги одоб-ахлоқини юксалтириш, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш ҳамда адлия органларини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш каби юксак натижаларга эришиш кутилмоқда.