Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти: юридик фирма ва консалтинг компаниялари билан қайта алоқа

31.07.2019

2019 йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида адлия вазири Русланбек Давлетовнинг юридик фирмалар ва консалтинг компаниялари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган мақсад Адлия вазирлиги ва юридик фирмалар ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича фикр алмашиш, шунингдек, мазкур компаниялар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Очиқ мулоқот тарзидаги ўтказилган учрашувда коррупцияга қарши кураш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, инвестицион муҳит ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилашва бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратиш, импорт, экспорт ва божхона соҳаларида тартибга солишни, фуқаролик қонунчилигини, ҳуқуқ устуворлиги механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш ва бошқа масалалар муҳокама марказида бўлди.

2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида иқтисодиётни фаол либераллаштириш шароитида мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ортиб бораётганлиги қайд этиб ўтилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси резидентларининг ҳам, чет эл бизнесининг вакиллари ҳам тадбиркорлик ва инвестицион фаоллиги ортиб бормоқда.

Шу ўринда ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалга оширилиш жараёнини ўрганиш ва фуқаролар ҳаёти ҳамда мамлакат иқтисодиётини тараққиёти учун зарур бўлган келгуси қадамларни аниқлаб олиш эҳтиёжи юзага келмоқда. Айнан ушбу жиҳатдан Адлия вазирлигининг юридик ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Мазкур механизм уларнинг тажрибасини ва ечимини кутаётган муаммолар бўйича қарашларини ўрганиш учун имкон беради.

Учрашув якунлари бўйича Адлия вазирлиги фаолиятида инобатга олиш учун мамлакатимизда ҳуқуқий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга оид юридик фирмалар ва консалтинг компаниялари вакилларининг таклифлари олинди.