Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди (2019 йил, 30 сон)

31.07.2019

2019 ЙИЛ 27 июль куни Адлия вазирлигининг нав­батдаги кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда Адлия вазири Русланбек ­Давлетов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бўлган жойларда уй-жойлар бузилиши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди:

Мулк дахлсизлигини таъминламай туриб, иқтисодий ривожланишга эришган давлатнинг ўзи йўқ. Бу эса бизнинг қонунларимизда битилган энг олий нормалардан биридир ва унда барча муносабатлар тўлалигича тартибга солинган. Лекин амалда ушбу тартиб ва қоидалар мутасаддиларнинг эсидан чиқиб кетди. Натижада, уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди. Бу нима деган гап? Одамларнинг уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўламаслик, ахир, бу ваҳшийлик-ку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекис­тон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам мувофиқ эмас.

Ҳамма шаҳарлар янгидан қурилади, эскиси бузилади, ободонлашади, бу табиий жараён, барча жамиятларга хос бўлган ҳолат. Лекин, XXI асрда яшаётган цивилизацион жамият сифатида барча ҳаракатлар учун ҚОНУН энг асосий мезон бўлиши керак, ­одамлар ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига, қонунни бузиш эвазига ҳеч қандай қурилиш ёки ободонлаштириш бўлиши мумкин эмас.

Гап фақат моддий бойлик бўлмиш иморатда эмас, уй-жой билан инсонларнинг шу уй билан боғлиқ хотиралари ҳам ўчирилади. Туғилиб ўсган жой, ёшликда ўйнаб-кулиб ­юрган ҳовли, болаликдаги хотиралар, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ҳиди инсон учун қадрли, кўп уйлар авлоддан авлодга ўтиб келаяпти, бу юксак шахсий номоддий бойлик ва инсон ҳаётидаги ажралмас хотиралардир.

Шунинг учун биз — адлия ходимларининг биринчи даражадаги вазифаси бу борадаги қонунбузилишларнинг олдини олишдир. Барча маҳаллий ҳокимликларни фуқароларнинг уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларига чек қўйишларини талаб қиламиз!

Бутун адлия тизими раҳбарлари, мутасаддилари ва ходимларини ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, уй-жойлар бузилиши жараёнида Ўзбекистон қонунларига амал қилиш юзасидан чоралар кўришларига чақираман.

Адлия вазирининг уй-жойларни бузиш билан боғлиқ мазкур долзарб масалага тўхталиши бежизга эмас.

Аслида қонунчиликка мувофиқ, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилиши керак:

  • фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар-жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;
  • бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш;
  • ер участкасини ўзлаштириш даврида 2 йилгача муддатга ижарага вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар, иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини тўлиқ тўланган ҳамда етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш;
  • ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ёки кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва етказилган зарарларни қоп­лаш;
  • ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;
  • фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қў­йиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш;
  • янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш.

Қонун ижодкорлиги таҳлил этилди

Адлия вазири Русланбек Давлетов бош­чилигида бўлиб ўтган мажлис адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2019 йилнинг I ярим йиллиги давомида ­амалга оширилган ишлар, давлатимиз раҳбари томонидан адлия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қатор Фармон ва қарорларнинг ҳисобот давридаги ижроси, вазирлик зиммасига юклатилган вазифаларнинг ­амалда таъминланаётганлик даражасини ўрганишга қаратилди.

Мажлис давомида амалга оширилган ­ижобий ишлар билан бир қаторда соҳа фаолиятида йўл қўйилаётган бир қанча хато ва камчиликлар, муаммоли масалалар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сўз борди.

Адлия органларининг халқ билан мулоқотга киришишида айрим ходимларнинг лоқайдлиги, адлия бўлимларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти устидан тизимли назорат ўрнатилмаганлиги, ҳудудларга бириктирилган масъулларнинг бепарволиги оқибатида юзага келаётган ҳолатлар қайд этилди. Янгийўл, Бўстонлиқ, Шаҳрихон туман адлия бўлимлари ҳамда Навоий, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарлари бу каби масалаларга эътиборни кучайтириши кераклиги айтиб ўтилди.

Адлия органларига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори билан бир марталик акция доирасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш чораларини амалга ­ошириш юклатилган эди. Ҳайъат мажлисида айтилишича, бу борада туман (шаҳар) адлия бўлимлари фаолиятида Когон туманида 3 646 та, Ғиждувонда 1 822 та, Бухоро туманида 1 228 та, Ромитанда 1 225 та, Жарқўрғонда 1 888 та, Шўрчида 1 108 та ҳамда Қарши шаҳрида 1 176 та ҳолатда йиғим тўланган бўлса-да, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари ўз муддатида қабул қилинмаган. Мазкур ҳолатлар юзасидан туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан тегишли чоралар кўрилмасдан келинаётганлиги танқид қилинди.

 

Нотариуслар фаолияти танқид остига олинди

Шунингдек, мажлисда вазирликнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш соҳасидаги фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланишича, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлимларида мурожаатлар билан ишлаш талаб даражасида эмас.

Адлия тизимида коррупцияга қарши кес­кин кураш бошланган, шу сабабли коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли равишда чоралар кўриб келинаяпти. Тадбирда қайд этилишича, нотариал идораларда ишлаётган айрим ходимлар бундан ўзларига тегишли хулоса чиқармаяпти.

Масалан, 1 июндан “SMS хабар” элект­рон тизими жорий этилган эди. Жорий йилнинг 6-17 июнь кунлари тизимга киритилган телефон рақамлари таҳлил қилинган. Таҳлилда 2 243 та (3%) нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ходимлар ёки “ўртакашлар”нинг телефон рақамлари киритилганлиги аниқланган.

Ушбу талабларни бузгани учун 3 нафар нотариус, 3 нафар котиб ва 1 нафар стажёр ишдан ҳайдалган, 13 нафар нотариус, 5 нафар котиб ва 1 нафар стажёрга нисбатан “жарима”, 32 нафар нотариус, 4 нафар котиб ва 2 нафар ёрдамчига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Ўз мухбиримиз