Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳуқуқшунос жавоблари (2019 йил, 29 сон)

27.07.2019

Абитуриент нега тестдан четлаштирилади?

— Абитуриентни тестга қўйишда нега айрим ҳолларда таъқиқлар бўлади? Умуман, қандай ҳолатларда абитуриентлар тест жараёнидан четлаштирилади?

Акрам Холтўраев,

Сурхондарё вилояти

— Қонунчиликка мувофиқ, қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:

  • тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
  • тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
  • тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
  • тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
  • тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.

 

Кимлар исталган пайтда таътилга чиқиши мумкин?

— II-гуруҳ ногирониман, корхонада йил бошида меҳнат таътилига чиқиш навбати тузилган эди. Ўша пайтда мен октябрь ойида таътилга чиқишим ҳақида ёзган эдим. Аммо энди оилавий шароитим сабаб таътилни белгиланган вақтдан бошқа вақтда олишимга тўғри келаяпти. Энди таътилни ёзда олишим мумкинми?

Салима Акбарқулова,

Бухоро вилояти

— Ҳа мумкин. I ва II-гуруҳ ногиронларига, шунингдек, қуйидаги ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак:

  • ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева ­аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
  • 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;
  • таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;
  • жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

 

Прописка масаласида қаерга мурожаат қилай?

— Мен 21 йилдан буён Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 279-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаман. 4 фарзандим ва турмуш ўртоғим билан Тошкентда яшаймиз. Бироқ доимий пропискага эга эмасмиз. Халқ таълими вазирлиги орқали доимий рўйхатга қўйилишим мумкинлиги ҳақида эшитдим. Агар шундай бўлса қаерга, қай тартибда мурожаат қилишим керак?

Дилфуза Қурбонова,

Тошкент шаҳри

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш 2011 йил 14 сентябрда қабул қилинган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади.

Рўйхатнинг 11-бандида давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари ходимларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин.

Бевосита мактаблар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига киради ва шу сабабли Сиз доимий прописка масаласида Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилишингиз лозим.


 

Судга қанча давлат божи тўлашим керак?

— Турли дўконлардан маҳсулотлар харид қилиб уйга қайтдим. Аммо барча маҳсулотларни кўздан кечирганимда улар орасида сифати талабга жавоб бермайдиганлари ҳам бор эди. Бундай ҳолатда судга мурожаат қилсам бўладими? Сифатсиз маҳсулот сотиб олинганлиги тўғрисида судга мурожаат қилсам қанча давлат божи тўлашим керак бўлади?

Азим Суяров,

Фарғона вилояти

— Фуқаролар истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилган тақдирда, судга мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.


 

Ҳақиқий бўлмаган никоҳ

— Ҳар қандай ҳолда тузилган никоҳ ҳам ҳақиқий бўлаверадими? Қандай ҳолларда никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилади?

Шаҳло Икромова,

Гулистон шаҳри

— Никоҳ қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас, деб топилади:

  • никоҳ мажбуран тузилганда;
  • никоҳ ёши талаблари бузилганда (эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш);
  • никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлганида (бир томон бош­қа никоҳда турса, қариндошлар ўртасида никоҳ тузилса ёки бир томон муомалага лаёқатсиз бўлса);
  • сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;
  • никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса.

Никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

Никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади.

Никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, 10 кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади.

 

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими

Дилмурод РАЖАБОЕВ жавоб берди.