Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Темур тузуклари (2019 йил, 14 сон)

09.04.2019

1. Салтанат тўнини кийгач, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, ­улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан вофиқ бўлиб турдим.

2. Ким менга дўстлик қилса, қадрладим, унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим. Кимки менга душманлик қилса-ю, кейин пушаймон бўлиб, илтижо билан ҳимоя истаб, тиз чўкиб ҳузуримга келса, душманлигини унутиб, мурувват ва дўстлик кўрсатдим.

Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни Парвардигори оламга топширдим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.

3. Амир этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона (йўловчилар қўниб ўтадиган ер; мискин ва етим-у есирларга таом бериладиган жой; ғарибхона) солсинлар, касаллар ­учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар. Ҳар бир шаҳарда сарой ва қозихона (Дор-ул адолат) қурсинлар. Ва раият зироатни қўриқловчи қурчилар ҳам тайинласинлар.

4. Амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ­ариқлар ва дарёлар устига янги кўприклар қурсинлар, йўл усти ҳар манзилгоҳга работлар бунёд этсинлар. Йўлларга кузатувчи ва соқчилар қўйсинлар, ҳар бир работга бир неча ­одамни жойлаштирсинларки, йўлларни кузатиш ва сақлаш ишлари шуларга тегишли бўлсин. Йўловчилар молларини ғафлат босиб, ўғирлатиб қўймасликларининг вазифаси ҳам ўшаларнинг зиммасида бўлсин.