Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Республикада электр ­энергетика ­тармоғини ­бошқариш тизими ­такомиллаштирилмоқда

03.04.2019

2019 ЙИЛ 27 мартда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорнинг қабул қилинишидан мақсад электр энергия тармоғини бош­қаришни барча ҳудудларда сифатли йўлга қўйиш, электр энергетика тармоғида рақобат муҳитини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни янада такомиллаштиришдан иборатдир. Ҳужжатда таъкидланишича, бугунги кунда электр энергетика тармоғининг ишончли фаолият юритишини таъминламасдан туриб иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга эришиб бўлмайди.

Шу сабабли электр энергия тармоқларини янада ривожлантириш учун “Ўзбекэнерго” АЖ учта Акциядорлик жамиятини ташкил этиш йўли билан қайта ташкил этилмоқда.

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекэнерго” АЖ базасида:

 “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти;

 “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти;

 “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташкил этилади.

Ҳужжатда ушбу акциядорлик жамиятларининг функциялари қуйидагича белгиланди:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ — иссиқлик электр станциялари ҳамда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи электр марказларини бошқаради.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ — республиканинг магистрал ­электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш амалиёти билан шуғулланади, электр энергияни респуб­ликанинг магистрал электр тармоқлари орқали етказиб бериб, давлатлараро транзитни амалга оширади, электр энергияни экспорт ва импорт қилади, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилади, электр энергияси ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хусусий капитал иштирокидаги корхоналарни, магистрал ва ҳудудий электр тармоқларини ягона оператив-диспетчерлик орқали бошқаради, электр энергияси ­ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хусусий капитал иштирокидаги корхоналардан ­электр энергиясини ягона харид қилувчи функциясини бажариб, электр энергияни ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” — ­электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бош­қаради.

Маълум бўлишича, “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг соҳага оид бўлмаган ва фойдаланилмаётган активлари ва улушлари 2019-2021 йиллар давомида белгиланган тартибда сотиш мақсадида баланс қиймати бўйича Давлат активларини бош­қариш агентлигига берилади. Агентлик эса янги ташкил этилаётган АЖлар устав капиталларидаги давлат акциялари пакетлари бўйича ҳуқуқ эгасига айланади.

Шунингдек, ҳужжат билан “Ўзбекэнерго” АЖ таркибига кирувчи бир қатор хўжалик жамиятлари ҳамда корхоналарини қайта ташкил этиш ва тугатиш назарда тутилган.

Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги қарори билан ташкил этилган Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича комиссиянинг ишчи органи сифатида Энергетика вазирлиги қошида Лойиҳа офиси ташкил этилади. Унга ­энергетика вазирининг ўринбосари бошчилик қилади.

Ҳужжатда энергия ресурсларининг таннархини пасайтириш ва йўқотишларни камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни, шунингдек, уларга эришишнинг босқичма-босқич механизмларини кўрсатган ҳолда янги ташкил этилаётган АЖлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

2019 йил 1 июнга қадар 2019-2021 йилларда электр энергетика тармоғини рақамлаштириш бўйича комплекс дас­тур ишлаб чиқилади. Унда ресурсларни бошқариш, ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизимини (ЕRP) диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси (SCADA)ни жорий этиш, электр энергияни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ)ни жорий этиш бўйича лойи­ҳани амалга оширишни жадаллаштириш ишларининг аниқ тадбирлари, муддатлар ва молиялаштириш манбалари назарда тутилади.

Қарорга мувофиқ, 2020-2030 йилларда мамлакатнинг ёқилғи-энергетика таъминоти концепцияси ишлаб чиқилади.

Мазкур қарорда қайд этилишича, “Қиш­лоқэнерголойиҳа” АЖ негизида ташкил этиладиган “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ лойиҳа ташкилоти 0,4 кВдан 500 кВгача кучланишли барча типдаги электр тармоқларини лойиҳалаштиради.

 

2019 йил 1 июлдан:

қуввати 10 МВтдан кўпроқ энергия истеъмол қиладиган корхоналарни қуриш ва ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар республика ҳудудларида жойлаштириш Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда;

хусусий ишлаб чиқарувчилардан ­электр энергияни харид қилиш танлов асосида ҳосил қилинаётган электр энергиянинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.