Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Маст ҳайдовчиларга қандай жазо бор?

31.03.2019

— АЛКОГОЛЛИ ичимликлар таъсирида автомобиль бошқариш оқибатида автоҳалокатлар рўй берганига кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Айтинг-чи, бугунги кунда ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлигини аниқловчи қандай замонавий усуллар бор?

Адҳам БЕРДИЕВ,

Олтинсой тумани

— Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ички ишлар органининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари (ДЙҲХХ) маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, мет­рология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификатланган транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита — алкотестер ёрдамида амалга оширилади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳванд­лик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини ­аниқлаш бўйича тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларининг масъул ходимлари томонидан ўтказилади.

— ЙПХ ходими қандай ҳолатларда ҳайдовчининг маст эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказиши мумкин? У дуч келган автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчини текшириш ҳуқуқига эгами?

Замир САИДОВ,

Бухоро вилояти

— Ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши, бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши), нутқининг бузилганлиги, қўл бармоқларининг қалтираши, юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади.

Ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ДЙҲХХ ходими томонидан техник восита ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади. Текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади.

— Маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчиларга қандай жазо белгиланган?

Зоҳида ТЎРАЕВА,

Поп тумани

— Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.

Ҳайдовчи техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда техник восита орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахс­нинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига ­олиб боради, ҳайдовчи текширувдан ўтишдан ҳам бўйин товлаган тақдирда ­ДЙҲХХ ходими унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.

Ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлиги техник восита ёрдамида ёки туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасалари ходимлари томонидан ўтказилган текширув натижалари асосида тасдиқланган тақдирда ДЙҲХХ ходими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади, маъмурий баённомага текширув техник восита ёрдамида ўтказилган тақдирда текширув натижалари бўйича ушбу воситадан чоп этилган маълумот, туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасалари ходимлари томонидан тиббий текширув ўтказилганда эса, тиббий хулоса илова қилинади.

Ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширув унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билети ва б.) асосида амалга оширилади, ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаса, ДЙҲХХ ходими томонидан махсус дастурий таъминот ўрнатилган мобил электрон қурилма (планшет)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Тиббий текширув транспорт воситаси ҳайдовчиси тўхтатилган (йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган) пайтдан бошлаб, узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим.

Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш, наркологик диспансерларда наркологлар томонидан ёки соғлиқни сақлаш идоралари белгилаган туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларида махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар томонидан ўтказилади.

Шахснинг алкогол маҳсулотини истеъмол қилганлиги тўғрисидаги тиббий хулоса алкогол маҳсулотининг қондаги концентрацияси 0,3 промилле ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда чиқарилади.

 

Транспорт воситаларини бошқариш бўйичатаҳририятимизга фуқаролар томонидан юборилган саволларга жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди раиси в.б.

Жамшид САДИНОВ жавоб берди.