Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тошкентда Вебстер университети очилади

28.03.2019

20 март куни “Тошкент шаҳрида Вебс­тер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди. Унда Тошкент шаҳрида АҚШдаги Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш маркази ташкил этилиши белгиланди. Бугун хорижий мамлакатларнинг илғор таълим муассасалари тажрибасини мамлакатимиз таълим соҳасида қўллаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу борада юртимизда қатор етакчи чет эл ­университетларининг филиаллари ташкил этилаётганини ҳам алоҳида тилга ­олиш керак. Мазкур Қарорда белгиланган вазифалар шу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлиб, у орқали таълим соҳасига чет эл инвестицияларини жалб этиш, иқтисодиёт тармоқлари учун малакали кадрларни тайёрлаш назарда тутилмоқда.

Марказнинг асосий вазифаси ахборот-коммуникация технологиялари, ­оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик, табиий фанлар ва педагогика соҳаларида халқаро стандартлар даражасида кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.

Марказ олий таълим муассасаси бўлиб, бакалавриат, магистратура босқичларида, малака ошириш, қайта тайёрлаш, шунингдек, илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни амалга оширади.

Таълим кундузги шаклда, тўлов-конт­ракт асосида, инглиз тилида амалга ­оширилади. 2019/2020 ўқув йилидан талабалар қабул қилинади ва битирувчиларга диплом берилади. Қабул квотаси кадрлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади. Қарор билан Марказда бакалавриатнинг қуйидаги йўналишлари очилиши белгиланди:

● бошқарувнинг ахборот тизимлари;

● интерфаол рақамли медиа;

● медиакоммуникациялар;

● график дизайн;

● реклама ва маркетинг коммуникациялари;

● информатика;

● тадбиркорлик;

● иқтисодиёт;

● халқаро муносабатлар;

● бухгалтерия ҳисоби;

● Европа тадқиқотлари;

● глобал журналистика;

● жамоатчилик билан алоқалар;

● кино, телевидение ва видео ишлаб чиқарилиши.

Магистратура йўналиши бўйича Ахборот технологиялар бошқаруви, Бизнез бошқаруви, Бизнес ва ташкилий хавфсизлик бошқаруви, Таълим ва инновациялар, Менежмент ва лидерлик, Коммуникациялар бошқаруви, Савдо бошқаруви, Медиакоммуникациялар, Реклама ва маркетинг коммуникациялари, Таълим ва инновациялар, Таълим технологиялари, Амалий педагогик психология, STEM, Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш, Менежмент ва лидерлик, Экология менежменти, Соғлиқни сақлаш бошқаруви, Суд ҳисоби каби мутахассисликлар бўйича қабул амалга оширилади.