Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳукуматни шакллантириш тартибига доир қонун имзоланди

12.03.2019

Куни кеча 5 мартда Президентимиз “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Қонун билан Конституцияга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Конституциямизнинг 79-моддаси 4-банди қуйидагича ўзгарди. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатларига:

— сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

— Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ­аъзолигига номзодларни кейинчалик ­уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимларга тасдиқлаш учун кўриб чиқиш ва маъқуллаш киритилди.

Шунингдек, қонун билан Конституциянинг 93-моддаси 11-бандига ҳам ўзгартириш киритилди. Қонунга биноан, Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланганидан кейингина Президент томонидан лавозимга тасдиқланиш тартиби жорий этилди.  Ушбу тартибни назарда тутувчи ўзгартиришлар “Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Қонунларга ҳам киритилди.

Қонунда барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари фаолиятини аниқ кўрсаткичларга эришишга ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларни стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурлари амалга оширилиши сифати ва самарадорлигига асосланган ҳолда баҳолаш тизими яратилиши белгиланди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунда Ҳукумат аъзоларини маъқуллаш тартиби белгиланди. Унга мувофиқ, номзодлар масъул қўмита, фракциялар ва депутатлар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади. Номзодлар Хукуматнинг ҳаракатлар дастури билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини Қонунчилик палатасига тақдим этиши лозим. Номзод рад этилса Бош вазир янги номзодни киритади.

Шунингдек, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан ҳар чоракда Қонунчилик палатаси ва Сенатга Президентнинг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган давлат дастури бажарилиши борасида ҳисобот тақдим этади.

 Ушбу Қонун 2019 йил 1 апрелдан кучга киради.