Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Президентимизнинг Германияга ташрифи: Халқаро майдондаги яна бир дадил қадам (2019 йил, 5 сон)

13.02.2019

“ЎЗБЕКИСТОН билан Германия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, халқларимиз манфаатини таъминлашда парламентлар муҳим ўрин тутади”. Президентимиз 2019 йил 20-23 январь кунлари Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакат Бундестаги Раиси Вольфганг Шойбле билан бўлиб ўтган учрашувда шу фикрларни билдирди.

Рейхстаг деворида “Тошкент”, ­деган ёзув бор

Президент Шавкат Мирзиёев билан Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле учрашуви Германия Бундестагининг тарихий биноси ҳисобланувчи Рейхстагда бўлиб ўтди. Учрашувдан олдин давлатимиз раҳбари учун Рейхстаг бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Рейхстаг олис ўтмишга эга бўлиб, Германиянинг бой ва мураккаб тарихи ҳамда бугунги ёрқин ҳаётининг ўзига хос тимсолидир. “Рейхстаг” сўзининг луғавий маъноси “давлат мажлислари биноси”, деган тушунчани англатади. Бу атама Германияда XII ­асрдаёқ урфга кирган бўлса-да, Рейхстаг биноси пойдеворига илк ғишт 1884 йил 9 июнда Кайзер Вильгельм I томонидан қў­йилган. Шундан сўнг франкфуртлик моҳир меъмор Паул Воллот муҳташам меъморий обидани 10 йил ичида бунёд этган.

Рейхстаг тарихи ҳақида сўз борганда, шунингдек, бу кўркам иморат бир неча бор вайрон этилгани ва қайта тиклангани, 1916 йили — Биринчи жаҳон уруши даврида бино пештоқига “Немис халқига”, деган маҳобатли шиор битилганини қайд этиш лозим. 1918 йили Веймар республикаси эълон қилинганида, Рейхстаг унинг ҳокимияти марказига айланган.

Бу ерда Германия империяси сўнгра Веймар республикасининг қонун чиқарувчи ҳокимият органи ҳисобланган Рейхстаг фаолият олиб борган. Иккинчи жаҳон уруши оқибатида, 1945 йили Собиқ совет давлати Германия парламенти биносини гитлерчиларнинг асосий рамзи, деб эълон қилган. Шундан кейин Рейхстаг ишғол қилинган ва унинг пештоқига ғалаба байроғи ўрнатилган.

Кейинчалик Рейхстаг биноси тубдан таъмирланган. Рейхстаг яқинидан ўтган Берлин девори олиб ташланган. Айни чоғда, Рейхстаг деворларида совет аскарлари битган ёзувлар, хусусан, бундан 74 йил илгари номаълум ҳамюртимиз томонидан ёзиб қолдирилган “Тошкент” сўзи ҳам ҳалигача сақланиб турибди.

— Бу йил Веймар республикаси тузилганига 100 йил тўлади, — деди Ўзбекистон Президентини Рейхстаг заллари билан таништириш асносида Бундестаг Раиси. — Германия тарихида шонли воқеалар билан бирга қора доғлар ҳам кўп. Гитлер ва фашистлар содир этган жиноятларни, нацизм ва Освенциум фожиаларини унутиб бўлмайди. Шундай экан, тарихдан тегишлича тўғри хулоса чиқариш керак.

 

Бундестаг

Рейхстаг биносида 1999 йилдан буён Бундестаг фаолият олиб бормоқда. Бундес­таг Германиянинг бир палатали парламенти бўлиб, қонунлар қабул қилишдан ташқари Федерал канцлерни сайлаш ҳамда ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш каби муҳим функцияларни ҳам бажаради.

Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасида яхши алоқалар йўлга қўйилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон — Германия” гуруҳи, Бундестагда эса “Германия Федератив Республикаси — Марказий Осиё” гуруҳи ташкил этилган. Хусусан, 2018 йил октябрь-ноябрь ойларида Германия Бундестагининг “ГФР — Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси Манфред Грунд бошчилигидаги делегация билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида, шунингдек, бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотларда учрашувлар бўлиб ўтди.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида М.Грунд билан бўлиб ўтган учрашувда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2018 йил май ойида Женевада ўтказилган 39-сессиясида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари бажарилиши юзасидан тақдим этган миллий маърузасидаги масалалар, юртимиздаги суд-ҳуқуқ тизими, давлат бошқаруви органларининг вояга етмаганларни ноқонуний меҳнатга жалб этишнинг олдини ­олишдаги фаолияти, ҳукумат ва фуқаролар ўртасида мулоқотни амалга оширишнинг янги тизими йўлга қўйилгани, сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритганмиз.

Айни вақтда Германия Бундестагининг “Халқаро парламент стипендияси” дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур орқали ҳамкор мамлакатлардан истиқболли кадрларни ГФРда парламент фаолияти билан таништириш ва парламентлараро ­алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш назарда тутилган. Ҳар йили Бундестагда амалиёт ўташ учун тахминан 120 та стипендия тақсимланади. Ҳозирги вақтда 40 дан ортиқ мамлакат вакиллари ушбу дас­тур иштирокчилари ҳисобланади. Ўтган йилнинг октябрь ойида Бундестаг Ўзбекис­тонни мазкур дастурга киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле 1942 йили туғилган ва Ғарбий Германияда муқим яшайди. Шу боис бутун умри Ғарб ва Европа ҳаёти билан узвий боғлиқликда кечмоқда. Вольфганг Шойбле мулоқот бошидаёқ Германия Бундестаги Ўзбекистон билан кўп томонлама ҳамкорлик учун тайёр эканини маълум қилди.

— Биз Сизни немис жамоатчилиги орасида катта ҳурмат ҳамда юксак обрў-эътибор қозонган таниқли давлат арбоби ва тажрибали сиёсатчи сифатида яхши биламиз, — деди Президентимиз. — Фурсатдан фойдаланиб, Сизни Германия Федератив Республикаси Асосий қонуни қабул қилинганининг 70 йиллиги билан самимий табрик­лашга ижозат бергайсиз.

Шу муносабат билан Германия Федератив Республикаси Асосий қонуни Тошкентда немис ва ўзбек тилларида нашрдан чиқарилди. Ўзбекистон Президенти ушбу нашрнинг илк нусхасини Бундестаг Раисига тақдим этди.

— Бундестаг мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари ва демократия, барқарорлик ва тараққиёт кафолатидир, — деди давлатимиз раҳбари. — Одатда, парламентда аччиқ бўлса ҳам очиқ ва тўғри фикрлар билдирилади. Энг муҳими, амалий баҳс-мунозаралар асосида мамлакат манфаатлари ва халқ фаровонлигига қаратилган қонунлар қабул қилинади. Мен ўзим ҳам 15 йил парламент аъзоси бўлганман. 1993 йили Бундестаг тажрибасини ўрганиш учун Германияга келганим эсимда. Ўша пайтда Ўзбекистонда парламентаризм тажрибаси ҳали тўлиқ шаклланмаган эди.

Бугун Ўзбекистон миллий тараққиётнинг тарихий даври — туб янгиланишлар босқичига қадам қўйди. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди ва ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Бугунги Олий Мажлис янгича парламентдир, чунки депутатларимиз ўз сайловчиларининг хоҳиш-иродасини ҳисобга ­олиб, бевосита халқ билан ишлай бошлади, — деди Ўзбекистон Президенти. — Айни пайтда, парламент ваколатлари изчил кенгайтирилиб, ҳатто Президент ваколатларининг айримлари ҳам Олий Мажлисга ўтказиб берилмоқда. Бинобарин, миллий тараққиётнинг ҳозирги ўзига хос ўтиш босқичида буларнинг барчаси ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Бундестаг Раиси Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади. Унинг фик­рича, “Германия тажрибаси шуни кўрсатадики, демократик тизимга фақат ҳуқуқий давлат асосида эришиш мумкин”.

— Парламент демократия асосидир, — деди Вольфганг Шойбле. — Қолаверса, парламент жамият кўзгуси ҳамдир. Парламент фаолиятида демократияга, яъни кўпчиликнинг овозига таянган ҳолда, озчилик, демак-ки мухолифатнинг фикрини ҳам эътиборга олиш тақозо этилади. Бундестагдаги сиёсий партиялар фракциялари аҳоли барча қатламларининг манфаатларини намоён этади.

Бундестагда плюрализм, яъни кўп фик­р­лиликка таянган ҳолда мунтазам қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади. Бу, ўз нав­батида, консенсус асосида адолатли қонунлар қабул қилинишини таъминлайди. Адолатли қонунлар тўлақонли бажарилиши ва кутилган самара бериши учун эса ижро ҳокимияти, яъни ҳукумат кучли ҳамда салоҳиятли бўлиши талаб этилади.

 

Муқояса ёхуд қизғин мулоқотлар...

Мулоқот давомида Президентимиз Германия Асосий қонунининг 1-моддаси Ўзбекистонда илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” шиори билан ҳамоҳанг эканига эътибор қаратди. Чунки ушбу модда нормаларида ҳам, бир томондан инсон қадр-қиммати улуғланса, иккинчи томондан давлат ҳокимияти инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга мажбур экани мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистонда Германия Асосий қонунига нисбатан қизиқиш ушбу мамлакатнинг илмий-техник тараққиёт соҳасидаги ва маҳсулот ишлаб чиқариш ёки ижтимоий хизмат кўрсатиш жабҳаларидаги ютуқларини ўрганиш иштиёқи каби табиий эканлиги бежиз эмас. Зеро, бугун Германия ҳозирги замон цивилизациясининг барча кўрсаткичлари бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юксак босқичига эришган мамлакат сифатида дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

— Ислоҳотларни кўпчилик қўллаб-қувватлаши билан бирга, ҳар қандай янгилик­ларга қарши чиқувчилар ҳам доим учраб туриши табиий, — деди давлатимиз раҳбари. — Бошлаган ўзгаришларимиз инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, давлат идораларининг халқ манфаатлари йўлида хизмат қилишига қаратилган. Биз ислоҳотлар натижадорлигига эришиш йўлида собитқадаммиз ва ўз йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Бу борада ривож­ланган демократик давлатлар, хусусан, Германия тажрибаси ва конституциявий амалиёти биз учун улкан аҳамият касб ­этади.

— Ислоҳотларни аниқ стратегия асосида самарали амалга ошириш — бу ҳам катта санъатдир, — деди Вольфганг Шойбле. — Айниқса, Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва сиёсий йўналишлардаги ўзгаришлар ўзаро боғлиқликда, муайян мувозанат ва барқарорликни таъминлаган ҳолда изчиллик билан жорий этилаётгани таҳсинга сазовор. Барча соҳаларда кўп томонлама ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этаётган бугунги глобаллашув даврида Германия Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Президенти Бундестаг ва ­Олий Мажлис ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланганини ижобий баҳолади. Энди парламентлараро ҳамкорлик бўйича аниқ тадбирларни ўзида мужассам этган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш тақозо этилади. Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон парламенти вакилларини Бундестагга тажриба ўрганишга таклиф этгани учун Вольфганг Шойблега самимий миннатдорчилик билдирди.

Мулоқотда қонун устуворлигини таъминлаш, парламент назорати, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ­ошириш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бош­қа соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қабул қилинадиган “йўл харитаси”га асосан парламентлараро ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Хулоса қилиб айтганда, очиқлик, ишонч ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтган музокараларда Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи барча даражадаги, жумладан, парламентлар ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб бергани алоҳида қайд этилди. Аслида ҳам, Президентимизнинг Германияга амалга ­оширган расмий ташрифи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги яна бир дадил қадами бўлиб, унинг замирида Ўзбекистоннинг Германия билан муносабатларни янги ва юқори даражага кўтаришга интилишлари ўз мужассамини топган.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси