Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

120 миллион сўмлик кредит адлия аралашуви билан ажратиб берилди (2019 йил, 5 сон)

12.02.2019

МАЪЛУМКИ, молиявий қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш ва фаровон турмуш тарзини яратишнинг энг муҳим омилларидан биридир. Шу боис турли кредит маблағларини ажратиш орқали тадбиркорларга таянч бўлиш тижорат банклари фаолиятининг муҳим мезони саналади.

Аммо акциядорлик-тижорат “Қиш­лоққурилишбанк”нинг Поп филиали масъул ходимлари бу ҳақиқатни ­унутиб, тадбиркорни сарсон қилишди.

Мазкур ҳолат Поп туман адлия бўлими томонидан Санг қишлоғида яшовчи фуқаро Зулхумор Бозорованинг мурожаатини ўрганиш жараёнида аён бўлди. Аниқланишича, З.Бозорова шу йилнинг сентябрь ойи бошида банк филиалига мурожаат қилиб, ўз фарзанди Д.Умаров раҳбарлигидаги “Зулхумор Илёс Бобур” масъулияти чекланган жамиятига савдо маркази қуриш мақсадида 120.000.000 сўм кредит ажратиб беришини сўрайди. Аммо банк ходимлари унинг мурожаатига масъулиятсизлик билан қараб, ўз вақтида ҳал этмайди. Ҳаттоки, улар тадбиркорнинг мурожаатини тегишли тартибда қайд этмаган ҳам. Бунинг ўрнига Зулхумор опага турли важ-карсонларни келтириб, кредит ажратишни пайсалга солиб келган. Бинобарин, З.Бозорова 2018 йил 22 октябрда банк филиали масъул мансабдор шахс­ларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида банк филиали бошқарувчиси Фозил Масаидов ва юридик шахсларга ­ажратилган кредитларни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Илҳом ­Амировлар туман адлия бўлимининг З.Бозоровага тааллуқли кредит ҳужжатлари ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш китоби”ни олиб келиш ҳақидаги қонуний талабини ҳам бажаришмади. Ваҳоланки, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекис­тон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низом”га биноан туман адлия бўлими текшириш ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш, шунинг­дек, Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун вазирликлар, давлат қўмиталари, идо­ралар, илмий ва таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар вакилларини чақириш ва жалб этиш ваколатига эга, дейди Поп туман адлия бўлими бошлиғи Азамат Жўраев.

Шу боис адлия бўлими томонидан қонунбузилиш ҳолати ва унинг юзага келиш омилларини бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш ­юзасидан “Қишлоққурилишбанк”нинг Наманган минтақавий филиали бош­лиғига тақдимнома киритилди. Ф.Масаидов ва И.Амиров Меҳнат кодексининг 181-моддаси, 1-қисмига асосан “ҳайфсан” интизомий жазосига тортилди. Энг муҳими, банк филиали томонидан 15 кун муддатда тадбиркорга юқоридаги кредит маб­лағи ажратилиб, мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди.

 

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири