Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Суқрот (м.а. 469-399)

Машҳур юнон файласуфи Суқрот Аттика шаҳрида ҳайкалтарош Софроникс ва доя Фенаретта оиласида дунёга келди. У жуда кўримсиз қиёфага эга бўлган. Паст бўйли, қорни осилган, калта бўйинли, кенг ва дўнг пешонали, япалоқ, танқайган бурунининг тешиклари катта, лаблари дўрдоқ Суқротнинг укки кўзлари кишига зимдан боқишга мойил эди. У доим эски либосларда, ялангоёқ юрган.

Аёллар борасида ҳам Суқротнинг омади юришмаган. Гарчи икки марта уйланган бўлса-да, оилавий бахтга эришолмаган.

Суқрот асосий вақтини мунозара ва баҳсларда ўтказган. Баҳсларда доим унинг қўли баланд келган. Шунинг учун кўпинча унинг сочидан тортиб калтаклашган, устидан кулиб, ҳақоратлашган. Суқрот ҳаммасига дош берган. Ҳатто бир куни тепки еганда ҳам чидаб тураверган. Одамлар бундан ажабланишганда уларга қарата шундай деган: «Эшак тепса, уни судга беролмайман-ку!»

Суқрот моҳир раққос бўлган ва бундай машқни жисмнинг саломатлиги учун фойдали деб билган.

У талабаларга оғзаки сабоқ берган ва ҳеч қандай ёзма манба қолдирмаган. Тимей исмли шогирди: «Эй устоз, нима сабабдан доно фикрларингизни қоғозга туширмайсиз?» — деб сўраганда, Суқрот: «Эй Тимей, ўлик ҳайвонларнинг терисига ишончинг ва тирик, барҳаёт фикрларга ишончсизлигинг жуда мустаҳкам экан», — деб жавоб берган.

399 йил Суқрот бир юртдошининг фитнаси туфайли фуқаролик меъёрларини бузганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган ва қатл этилган. Судда Суқротнинг оғзидан чиққан сўнгги сўзлар шундай бўлган: «Менга ўлиш учун, сизга эса яшаш учун бу ерни тарк этиш фурсати етди. Фақат бунинг қай бири афзаллиги Худодан ўзга ҳеч кимга аён эмас».

Судда 220 нафар одам Суқротнинг айбсизлигини ёқлаб, 280 нафар киши эса унга қарши овоз берган.

Ўша даврдаги қоидага кўра, ўлимга маҳкум этилганларга белгиланган вақтда заҳарли цикута (заҳарли сув ўсимлиги, бодиёни руми, зангпоя деб ҳам аталади) ўсимлигини эзиб ичиришган. ... Суқрот руҳининг эсон-омон боқий дунёга рихлат этишини Тангридан фикран сўраб, хотиржамлик ва осонлик билан заҳар тўлдирилган идишни бўшатади. Теграсидаги дўстлари йиғлаб юборишади. Файласуф уларни тинчлантириб, сукунатда ҳаёт билан видолашиши кераклигини уқтиради. У бир оз юриб, оёқлари оғирлашгач, турма бурчагидаги ёғоч чорпояга чўзилади. Кейин: «Критон, биз Асклепийдан хўроз қарзмиз. Хўрозни қайтаринг, ёдингиздан чиқмасин», — дейди шогирдига. Бу Суқротнинг сўнгги сўзлари эди. Қадимги юнонлар одатига кўра, беморларнинг тузалиши учун Аполлоннинг ўғли, табиблар Тангриси Асклепийга хўроз сўйиб, қурбонлик қилинган. Суқрот ўз руҳини поклаш ва хаста жисмдан халос бўлишни назарда тутиб, шогирдига юқоридаги васиятни айтган.

Суқротни бутун умри давомида Овидийнинг «Эврилиш» асарида тилга олинган инсон хулқ-атворидаги бир ноқислик безовта қилган. Овидий шундай ёзганди: «Эзгуликка дуч келсам, мақтайман-у, аммо ёмонликнинг таъсирига бериламан».

* * *

Суқрот оила ҳақидаги қарашларини мана бу ҳикматга жо этганди: «Уйланасанми, уйланмайсанми — барибир пушаймон ейсан».

* * *

«Навқиронлик чоғларимда табиатни кузатиш менинг энг севимли машғулотим эди, — дейди Суқрот. — Ҳар бир ҳодиса мени ажаблантирар, ҳайратга соларди: туғилиш, ўлиш, мавжудликнинг боиси не?.. Мен оламнинг бир бурчидан кириб, иккинчи бир бурчидан чиқарканман, ўзимга ўзим биринчи навбатда шундай саволлар берардим: «Тирик мавжудотлар, баъзи одамлар ўйлаганидек, иссиқлик ва совуқликнинг бир-бирига ўзаро таъсир этиб, чириш жараёни юзага келиши оқибатида пайдо бўлмасмикан? Инсон қай тарзда фикр юритади? Қон ёрдамидами, ҳаво ёки олов воситасидами?»

Бундан ташқари, ўзимнинг бу тахлит тадқиқотларга яроқсиз эканимни англаш учун бутун борлиқ, фазо ва Ердаги ўзгаришлар ҳақида тинимсиз ўй сураверардим».

* * *

Суқротнинг баъзи ҳаракатлари атрофдагиларни ҳайратга солган. Бир куни у кўчада ўспирин Ксенофантга дуч келиб қолди. Йигитчадаги ботиний истеъдодни илғаган файласуф қўлидаги ҳассаси билан унинг йўлини тўсди.

— Менга айт-чи, — сўради Суқрот, — унни қаердан сотиб оладилар?

— Бозордан, — жавоб берди Ксенофант.

— Ёғни-чи?

— Уни ҳам бозордан харид қиладилар.

— Донишмандлик ва эзгулик истаб қаерга борадилар?

Ксенофант ўйланиб қолди.

— Ортимдан юр, мен сени ўша ерга олиб бораман, — деди Суқрот шунда.

... Шу тариқа Ксенофант Суқротнинг бир умрлик йўлдоши ва ҳамсуҳбати бўлиб қолди. У Суқротнинг ўлимидан сўнг Афлотун каби янги авлодларга устози ҳақидаги хотираларини эсдалик қилиб қолдирди.

* * *

Бир куни Алкивиад Суқротга уй қуриш учун ер майдони инъом этиш ниятида эканлигини айтди. Суқрот унга жавобан шундай деди: «Айтайлик, менга бор-йўғи биттагина шиппак керак бўлса-ю, сен менга бутун бошли бир буқанинг терисини инъом этсанг, ҳаммага кулгу бўлиб қолмайманми?»

* * *

Кунлардан бир кун Суқротнинг рафиқаси Ксантиппа аввалига эрини обдан койиб, сўнг устидан сув қуйиб юборди. «Айтгандим-а, — дея ғўлдиради шўрлик файласуф, — Ксантиппа аввалига момақалдироқ бўлиб гумбурлайди-да, сўнг ёмғир бўлиб савалайди». Буни кўрган Алкивиад Ксантиппанинг жанжалига дош бериб бўлмаслигини эътироф этади. Суқрот Алкивиадга:

— Мен бу жанжалларга ғилдиракнинг тўхтовсиз ғирчиллаши каби кўникиб кетганман. Масалан, сен ғозларнинг ғағиллашига тоқат қиласан-ку!

— Шундайку-я, лекин бунинг эвазига мен ғозлардан тухум ва гўшт оламан, — дейди файласуфга жавобан Алкивиад.

— Ксантиппа эса менга фарзанд туғиб беради, — дейди Суқрот.

* * *

Жанжалкаш рафиқам мен учун гўё чавандознинг асов оти кабидир. Асов отни бўйсундиролган чавандоз ҳар қандай тулпорни бемалол минолганидек, мен ҳам Ксантиппа билан муроса қилиш воситасида ўзга кишилар билан осонгина муомалада бўла оламан.

* * *

Таажжубки, ҳайкалтарошлар тошни инсонга ўхшатиш йўлида ўлиб-тириладилар-у, аммо ўзларининг тошга ўхшаб қолмасликлари ҳақида қайғурмайдилар.

* * *

Салтанат ҳассасини қўлида тутган ҳар қандай киши ҳам ҳукмдор бўлавермайди. Шунингдек, эътиборли амалдорлар томонидан сайланган, қуръа ташлаб ёки зўравонлик, ёинки алдов йўли билан давлат тепасига келиб қолган кимса ҳам ҳақиқий ҳукмдор бўлолмагай, фақатгина салтанатни бошқариш уқуви бўлган зотларгина подшоҳлик ва ҳукмдорликка лойиқдирлар».

* * *

Суқрот файласуфларга таъриф берар экан: «Файласуф донишманд ҳамда жоҳил оралиғидаги мавқени эгаллайди», — дейди.

* * *

Мен бу одамдан кўра донороқман. Сабаби, ҳар иккимиз ҳам баъзи бир жоиз ва зарур нарсаларни билмасак-да, у манманлик қилади, мен эса манманликдан ўзимни тияман.

* * *

Адолат ва эзгуликдан айри тушган ҳар қандай билим доғулиликка айланади. Уни донолик, деб аташ ножоиздир, — дейди Суқрот.

* * *

Ўзини англаган инсон ўзи учун нима фойдалилиги ва нималарга қодир эканлигини яхши тушунади. У қўлидан келадиган иш билан шуғулланиш асносида ўз эҳтиёжини қондиради ва саодатга эришади. Ҳар қандай хато ва бахтсизликлардан холи бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, у ўзга одамларни қадрлай олади ва улардан эзгулик йўлида фойдалана билади. Оқибатда ўзини кулфатлардан асрайди.

* * *

Пул эзгуликни туғдирмайди, аксинча, эзгулик туфайли одамлар шахсий ҳаётда ҳам, жамиятда ҳам пул ва бошқа бойликларга эга бўладилар.

* * *

Ривоят қиладиларким, Аполлодор Суқротга ўлими олдидан қимматбаҳо либос кийишни таклиф этади.

— Нега? — дейди Суқрот Аполлодорга жавобан. — Бундан чиқди эгнимдаги фақирона либосим тиригимга яроқлигу, ўлигимга яроқсиз экан-да?!

* * *

— Суқрот, афиналиклар сени ўлимга ҳукм этдилар, — дедилар файласуфга.

Суқрот хотиржамлик билан деди:

— Уларни эса табиат ўлимга маҳкум этди.

* * *

Суд чоғида Суқротга сўз берилди. Суқрот нутқида ўзини сўнага, афиналикларни эса катта, олижаноб, аммо семиз ва ялқов отга менгзайди. «Бундай отларни бирорта сўна чақиб, чоптириб туриши лозим, — дейди у ва бу ўхшатишни шундай якунлайди: — Фикримча, Тангри мени кун бўйи бутун шаҳарни кезиб, ҳар бирингизни уйғотиш ва тинмай танбеҳ бериб, тўғри йўлга бошлаш учун юборган. Сўзларимга ишонинг, афиналиклар. Мен кабиларни топиш сизларга осон бўлмайди. Менга ишонсангиз, ҳаётимни сақлаб қоласиз. Бироқ сиз сўна чақиб туйқусдан уйқудан уйғонган ва ғазабга минган одамлар каби мени осонлик билан уриб ўлдиришингиз ҳам мумкин. У ҳолда Тангри яна кимнидир йўллагунга қадар қолган умрингизни ғафлатда ўтказасиз».

* * *

«Қандай одамни бахтли санамоқ мумкин?» — деган саволга Суқрот шундай жавоб берди:

— Ўткир ақл ва теран, ҳалол фикрлар эгаси бахтиёрдир.

* * *

Ёшларга кўзгуга кўпроқ боқишларини маслаҳат бераман, — дейди Суқрот, — токи уларнинг хушсуратлари ўз ҳуснларини шарманда этмасинлар, бадбашаралари эса хунукликларини одоблари билан безасинлар.

* * *

Ўз даражасига етолмаслик — жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Ўз даражасидан ошмоқлик эса доноликнинг ўзгинасидир.