Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Биласизми?

 

Прокурор ким?

“Прокурор” сўзи лотинчада “ғамхўр, жонкуяр”, деган маъноларни англатади.

 

 

Энг биринчи адвокатлар кимлар бўлишган?

 

Адвокатлик соҳаси тарихига назар ташласак, энг биринчи адвокатлар логографлар эканига гувоҳ бўламиз. Логограф (логос — сўз) — ёзувчилар, шоирлар, яъни воқеа-ҳодисаларни бадиий бўёқларда акс эттирувчи шахслар бўлган.

Кўпчилик чиройли нутқ ирод этишни билмаганлиги боис, логографларга маъруза тайёрлатиб, сўнг уни ёддан айтиб берган. Бироқ маърузани ҳам ёд олиш қийин кечганлиги боис, халқ улар номидан вакиллар маъруза қилишини талаб қила бошлаган. Шундай қилиб ҳимояга, яъни иккинчи томоннинг иштирокига зарурат туғилган. Бир сўз билан айтганда, логографларнинг фаол иштирокига замин яратилган. Яхши нотиқ доимо ҳимоясидаги шахсни жар ёқасидан қутқара олган. 

Энг машҳур логографлар: Суқрот, Лидий, Эсхил, Демосфен.

Адвокатуранинг учқунлари Қадимги Грецияда пайдо бўлган, деган қарашлар мавжуд. Қадимги Греция эса Рим томонидан босиб олинган. Шу тариқа “адвокат” (адвоко, адвокатус — чақираман, таклиф этаман) сўзи илк маротаба Римда қўлланган.

 

Бемаъни ўлим топган адвокат

Америкалик адвокат Клемент Валландигэм 1871 йилда навбатдаги суд жараёнларидан бирида ҳимояда иштирок этади. Судда бардаги кичик жанжалнинг ўлим ҳолатига олиб келганлиги бўйича иш кўрилаётган эди. У судда айбланувчини оқлаш мақсадида бардаги ҳолат қурилишини кўрсатиб бермоқчи бўлади. Яъни, жабрланувчи билмаган ҳолатда қўлига тўппончани олиб, ўзини отиб қўйганлигини исботлаш мақсадида чўнтагидаги пистолетни олиб (у пистолет ўқланганини билмаганди) ўзини отиб қўяди. Шу тариқа адвокат маънисиз ўлим топади. Айбланувчи эса оқланади.

 

XIX асрда Жанубий Америка қиролига айланган адвокат

Франциялик Орели-Антуан де Тунан ўзга давлатларга саргузашт излаб  саёҳат қилишни орзуларди.

Дипломни қўлга киритиб, адвокатлик фаолиятини бошлаган Тунан ўз орзуларини рўёбга чиқаришни режалаштиради. Яхши ҳамкор топилгач, яқин дўстлари билан ҳинду-арауканлар яшайдиган Жанубий Америка ерларига йўл олади. Бу ерлар Чили давлатига тегишли бўлиб, ҳиндулар бу вақтларда колонизаторлар билан курашиб яшарди. Тунан эса нотиқлик санъатини ишга солиб, ҳиндуларни янги Араукания давлатини тузишга чорлайди. Унинг ҳаракатлари зое кетмади. У бироз вақт бу давлатни Антуан 4 номи билан бошқарди. Бироқ арауканлар Антуан I ни ҳибсга олиб, ўз давлатига бадарға қиладилар.

 

“Инсон ва қонун” мухбири Дилфуза Эргашева тайёрлади.